Жаҳон | 16:00 / 14.07.2017
19289
2 дақиқада ўқилади

Трамп Путинни қачон Оқ уйга таклиф қилишини билдирди

Фото: AP

АҚШ президенти Дональд Трамп Россия етакчиси Владимир Путинни қачон Оқ уйга таклиф қилишига ойдинлик киритди. У Россия раҳбарини бунинг учун муносиб вақт бўлганда АҚШга таклиф қилади. Трамп бу ҳақда 13 июль куни журналистларга маълум қилди. 

"Мен ҳа деган бўлардим. Муносиб пайтда. Ҳозир бунинг учун айни вақти, деб ўйламайман. Аммо, менинг жавобим шу: "Ҳа, таклиф қилардим", - деган Трамп журналистларнинг РФ президентини Оқ уйга таклиф қилиш ниятингиз борми, деган саволларига жавоб берар экан. 

ОАВ вакиллари, шунингдек, Путин билан музокараларда Россиядан санкцияларни бекор қилиш масаласини муҳокама қилдими, деб сўрашди. "У бу масалани кўтармади. Биз Конгресс тасдиқламоқчи бўлган санкцияларни қисқача муҳокама қилдик", - деган Трамп. У матбуотни "Россия билан ажойиб битимлар тузмоқчи экани"га ишонтирган.

АҚШ президенти россиялик ҳамкасби уни президентлик сайловлари аввалида қўллаб-қувватлаганига ишонмаслигини айтган.
 
"Путин билан келгуси сафар учрашганимда, ундан: "Аслида сиз ким томонда эдингиз?", деб сўрайман. Чунки, унинг мен томон бўлганига ишонмайман", - деган Трамп. 

Путин ва Трампнинг илк учрашуви "Катта йигирмалик"нинг Ҳамбург саммити доирасида 7 июль куни бўлиб ўтди. У белгиланганидек, 30 дақиқа эмас, 2 соатдан ортиқ давом этган. 

Мавзуга оид