Ўзбекистон | 00:29 / 19.07.2017
68580
3 дақиқада ўқилади

Президентнинг ўзгараётган пойтахт манзараси билан яқиндан танишуви (фотожамланма)

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг турли туманларига ташриф буюриб, у ерда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, иқтисодий секторлар фаолияти, аҳоли турмуш тарзи ва яна кўплаб янгиликлар билан яқиндан танишмоқда. Президентнинг фейсбукдаги расмий саҳифасида ушбу сафарлардан фоторепортажлар тақдим этилган.

 

Сергели бўйлаб сафар: қад кўтараётган турар-жой бинолари ва метронинг янги бекатлари

Шавкат Мирзиёев 10 июль куни Тошкент шаҳрининг Сергели туманида бўлиб, туманда бунёд этилаётган уй-жойлар қурилиши билан танишди. Маълумотларга кўра, Сергели туманидаги қурилиш ишлари учта майдонда олиб борилмоқда. 6-мавзедаги 66 та етти қаватли уй мустақиллик байрами арафасида ўз эгаларига топширилади. Бошқа майдонлардаги 36та кўп қаватли уйларни қуриш ишлари ҳам бошлаб юборилган. Президент ушбу уйлардан бирига кириб, бу ерда яратилаётган шароитлар билан қизиқди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари айнан шу куни туманда амалга оширилаётган метро қурилиши билан ҳам яқиндан танишди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Сергели туманида метро йўлини қуриш ўта мураккаб жараён. Шу боис мазкур йўналишдаги метро ер усти бўйлаб, эстакадалар орқали ташкил этилади. 2017-2020 йилларга мўлжалланган мазкур қурилишга 170,1 миллион доллар сарфланади. Узунлиги 7,1 километрни ташкил этувчи мазкур иншоот тўлиқ ишга туширилгач, йилига 14 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиши мўлжалланмоқда. Президент метро қурилиши бўйича ўз маслаҳатларини берар экан янги қурилаётган ер усти метроси ёнидан ўтадиган кўча атрофида икки ва уч қатор дарахт ва гуллар экилиши лозимлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари, Тошкент шаҳри атрофида тезюрар электричка темир йўл қурилиши лойиҳасини кўздан кечирар экан бу янги соҳа экани, уни лойиҳалаштиришда илғор хориж тажрибасини ўрганиш, шу соҳага ихтисослашган мутахассисларни жалб этиш зарурлигини, энг асосийси, биронта ҳам уй бузилмаслиги кераклигини алоҳида таъкидлади.

 

Юнусободга ташриф: ИИББ фаолияти билан танишув, файзли хонадон меҳмони

Шавкат Мирзиёев 15 июль куни пойтахтнинг Юнусобод туманига келди. Давлат раҳбари туманда жойлашган Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг Қўриқлаш бошқармаси фаолияти билан танишди. Президент мазкур бошқарув тизимини икки йил давомида синовдан ўтказиш, ички ишлар ходимларининг ахборот технологиялари бўйича билимини ошириш, Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва Тошкентдаги Инҳа университетида ихтисослашган кадрлар тайёрлаш, тизим пухта ўзлаштирилганидан кейин уни мамлакатнинг барча шаҳарларида жорий этиш зарурлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, президент Юнусобод туманидаги “Исломобод” маҳалласида яшовчи Тоҳир ва Шоҳиста Тўлагановлар хонадонида меҳмон бўлди. (http://kun.uz/news/2017/07/15/prezident-tulaganovlar-honadonida-memon-buldi) Оила фахри ва фариштаси Шоҳайдар ота Шоисмоилов Ўзбекистонга тинчлик-осойишталик, халқимизга янада фаровонлик, Президентга соғлик-омонлик тилаб дуо қилди.

Мавзуга оид