«Кетмоқ ё қолмоқ, шудир масала»
«Барселона» ҳужумчиси Неймар мавсумлар оралиғида «ПСЖ»га ўтиши мумкинлиги мавзуси кейинги кунларда футбол жамоатчилиги томонидан муҳокама қилинмоқда. Ушбу бразилиялик футболчи Барселонадан Парижга кўчиши мумкинлиги ҳақидаги гаплар турли муносабатларни келтириб чиқармоқда. Бу вазиятда якуний қарор қандай бўлади?
Ёзги трансферлар ойнасида «Барселона» «ПСЖ» билан дуэль қилишига тўғри келмоқда. Аввалига «ПСЖ»дан Марко Верраттини сотиб олиш учун ҳаракат бошлаган «Барселона» эндиликда ўз етакчисини «ПСЖ»га бой бериши мумкин. «Барселона» томон айни вақтда шарқдан шамол эсмоқда – қатарлик шаҳзода, «ПСЖ» хўжайини Носир Ғаним ал-Ҳелайфийнинг пуллари Неймарнинг жамоада қолишига хавф солмоқда. Айни вақтда бу борадаги гап-сўзлар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек гуркираган.
Бир неча кун аввал Испанияда бразилиялик юлдуз футболчининг яқинлари уни «Барселона»дан кетишга ундаётгани, у бу жамоада аргентиналик Лионель Месси соясида қолиб кетаётгани туфайли ўзини тўла намоён эта олмаётгани, бу жамоада ўйнаб шахсий ютуқларга эриша олмаслигини айтишаётгани ҳақида хабар тарқалди.
Бразилиядаги нашрлар эса Неймарга агентлик қиладиган отасининг Париж клуби вакиллари билан яқин алоқаларга эга экани, футболчи Париж клуби билан дастлабки келишувга эришгани ҳақида ёзиб чиқди.
2013 йили «Барселона»га келган Неймар бу жамоада шу вақтгача 186 учрашув ўтказиб, 105 гол урган, 80 голга узатма берган ва 10 совринни қўлга киритган.
«Барселона» аввалига бу хабарларга беписандлик билан қаради. Жамоа вакиллари Неймар сотилмаслиги, қолаверса, унинг шартномасида белгиланган бадал пули миқдори – 222 миллион евро экани ва бунча маблағни тўлашга тайёр жамоа йўқлигини айтишди. Париждан эса кабутар қанотига боғланган мактуб йўлланди - Ал-Хелайфи ҳар қанча маблағни тўлай олади.
Футболчининг ўзи ҳам интервью бера қолди. У қисқа интервьюсида «Барселона»да бахтиёрлиги»ни айтган. Лекин бу «Мен ҳеч қаерга кетмайман» дегани эмас. У «Ўтган мавсум яхши ўтди, кейингиси янада яхшироқ бўлади, деб умид қиламан», қабилидаги гаплардан нарига ўтмаган.
Неймар кетадими, қоладими? Қуйида унинг кетиши учун сабаблар ва кетмаслиги учун сабаблар кўриб чиқилади.
Кетади
1. Янги чақириқ. Неймар ҳозирги жамоаси билан мумкин бўлган барча совринларни ютиб бўлган. Ўтган 4 мавсум давомида «Барселона» билан у Европа футболига бутунлай мослашди ва ҳар қандай топ-клубда етакчи бўла олишини намойиш этди. У Месси йўқлигида «Барселона»да ҳам етакчиликни қўлга оларди, шундай экан у ўз зиммасига янада каттароқ вазифа олиши мумкин.
2. Шахсий амбиция. «Неймар «Барселона»да Месси соясида қолиб кетаётгани»ни таъкидлаётганлар Неймар ва Мессининг у қадар яқин эмаслигини иддао этишмоқда. «Барселона» учлигининг дўстлиги тарихида бир жиҳат бор: уч киши дўст бўлса, улардан бири албатта бир томонда туради ва бу Месси. Суарес ва Месси таътилни бирга ўтказишди, бирга стадионга боришди, бирга овқатланишди ва ҳатто бир идишдан овқатланишди. Бу кўп нарсани англатади.
Роберт Фернандес, «Барселона» спорт директори
– Биз Верраттини қўлга киритиш учун футболчимизни сотмаймиз. Аксинча, мақсадимиз таркибни кучайтириш. Неймарсиз «Барселона»? Бундай бўлмайди – ҳеч ким унинг учун пул тўлай олмайди. Айни вақтда бизга ҳеч бир футболчи бўйича таклиф келмаган. Ўрта чизиққа футболчи олиб келиш устида ишлаяпмиз, ҳам қанотларда, ҳам марказда ҳаракатлана оладиган футболчи топсак яхши бўларди. Бундай футболчи доимий ўйин амалиётига эга бўлади.
3. Бразиллар карнавали. «ПСЖ»да айни вақтда Неймарнинг терма жамоадаги 4 сафдоши ўйнамоқда – Маркиньюс, Лукас Моура, Тиагу Силва ва бироз аввалроқ «Ювентус»дан келиб қўшилган Дани Алвес. Бу «кучли тўртлик» «кучли бешлик»ка айланиши мумкин.
4. Манфаатпарастлик. Бир йилдан буён шартномасини узайтирмай келган Месси ўтган ойда жуда қулай шартлар назарда тутилган шартномани имзолади ва яна 5 йил жамоада қоладиган бўлди. Бу эса Неймар учун ҳал қилувчи таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Парижликлар эса унга катта маош таклиф этишмоқда ва бу рад этиш қийин бўлган таклиф.
Қолади
1. «Барселона»да янги давр. Неймарнинг Каталониядаги биринчи йили Херардо Мартино даврига, жамоанинг энг муваффақиятсиз мавсумига тўғри келганди. Кейин Луис Энрике бошчилигида фантастик мавсумлар ўтказилди, кўпдан-кўп совринлар қўлга киритилди. Янги мураббий Эрнесто Вальверде билан ҳаммасини бошдан бошлаш мумкин. Неймар қолиб, бу янги даврга ўзи гувоҳ бўлиши мумкин.
Жорди Местри, «Барселона» вице-президенти
– Неймар ҳеч қаерга кетмаслигига 200 фоизга ишончим комил. Мен «ПСЖ» бу хабарларни рад этгани ҳақида ўқидим.
2. Ёшлик. Ҳужумдаги шериклари Месси ва Суареснинг ёши 30дан ошди. Эндиликда аргентиналик футболчи ичкарироқда ҳаракат қилмоқда ва олдинда бошқа футболчилар учун жой очилмоқда. Яъни Неймар учун ҳам. Суарес ўтган мавсумни бир маромда ўтказа олмади, бундай ҳолатда бразилиялик футболчида ҳужум чизиғида етакчилик қилиш имкони пайдо бўлади. Бунинг ортидан у ҳали ёш ва кучга тўлалиги ҳисобга олинса, «Олтин тўп» ҳам келади.
3. Жамоавий амбиция. Чемпионлар лигаси плей-офф босқичидаги муваффақиятсизлик ва Испания чемпионатини асосий рақибга бой бериш – Неймарга ҳам оғриқ бергани тайин. Мағлуб ҳолда кетишдан кўра, ғолиб бўлиб кетган афзал. Жамоага ғалабалар келтириш ва мухлислар билан салютлар остида хайрлашиш яхшироқ эмасми?
222 миллион евро – унинг «Барселона» билан шартномасида кўрсатилган товон пули миқдори.
Унинг кетишига сабаблар биттага кўп бўлиб чиқмоқда. Лекин булар ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаслиги ҳам мумкин. Неймарнинг якуний қарор бу сабабларга боғлиқ бўлиб чиқмаслиги ҳам мумкин. Лекин эътибордан қочирмаслик керакки, оловсиз тутун чиқмайди, шарқдан эсган шамол эса бразилиялик футболчи томон бормоқда.
Биз ёзда икки ҳолатдан бирини кўрамиз: ёки «Барселона» дош беради, ёки «парчаланади».
Мавзуга оид
12:52 / 27.10.2024
«Барса» «Реал»ни яксон этди, Ҳоландни тўхтатиб бўлмаяпти. Кун ўйинлари
12:39 / 24.10.2024
«Барса» қасос олди, Ҳоланддан космик гол. ЕЧЛда кун ўйинлари
13:56 / 21.10.2024
Гвардиолада тўпурар ҳимоячилар, «Барса» рақибларга даҳшат солмоқда. Кун ўйинлари
17:00 / 19.10.2024