Жамият | 22:20 / 20.07.2017
11537
3 дақиқада ўқилади

Жазони ўташдан бўйин товлаб юрган шахс жазони ижро этиш муассасасига қайтарилди 

Жазони ўташдан бўйин товлаб юрган шахс Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Хўжайли туман ИИБ ҲПБ Жазони ижро этиш инспекцияси ходимлари томонидан жазони ижро этиш муассасасига қайтарилди. Бу ҳақда Кун.узга ИИВ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси хабар берди.

Хўжайли туманида ташкил этилган сайёр суд мажлисидан лавҳа 

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 14 мартдаги «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ҳафтанинг ҳар пайшанба куни «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» этиб белгиланган ва ушбу кунлари жойларда сайёр судлар ташкил этилиб, муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимизда инсон ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади, шунга кўра айрим турдаги жиноятлар бўйича шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни қўллаш орқали уларни соғлом турмуш тарзига қайтириш амалиёти кенг қўлланилмоқда.

Бу турдаги жазони ўтаётган маҳкумлар ўз оиласининг бағрида ҳалол меҳнат қилиб, содир этган жиноятидан ўзига тўғри хулоса қилиб, жамият учун фойдали меҳнат орқали жамиятнинг соғлом кишисига айланиш имконидан фойдаланмоқда. Аммо, айрим шахслар яратилган бундай имкониятдан суиистеъмол қилган ҳолда тайинланган жазони ўташдан бўйин товлаб, жазони ижро этиш муассасасига қайтарилмоқда. 

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани ИИБ Жазони ижро этиш инспекцияси ҳисобида турган, ҳукуматимиз томонидан яратилаётган шарт-шароитлардан ўзига тўғри хулоса чиқармай ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташдан бўйин товлаб юрган Пайзуллаев Парахат Уринбаевичнинг ўталмай қолган 1 йил 9 ой 18 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси озодликдан маҳрум этиш жазосига алмаштирилди. 

Хўжайли туманида ташкил этилган сайёр суд мажлисидан лавҳа 

Шунингдек, ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган Хўжайли тумани ИИБ Жазони ижро этиш инспекцияси ҳисобида турган Абдуллаев Эргаш Аметович ўталмай қолган 10 ой 28 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.

Хўжайли туманида ташкил этилган сайёр суд мажлисидан лавҳа 

 

Мавзуга оид