Ўзбекистон | 20:30 / 21.07.2017
16525
2 дақиқада ўқилади

Гулистон тумани Ёшлар иттифоқи раиси сайланди

Сирдарё вилояти Гулистон туман ҳокимлигида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Шерқўзи Қурбонов Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи туман бўлимининг раиси этиб сайланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда. 

Йиғилишда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев сўзга чиқди.

У Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 30 июнь куни ёшлар билан ўтказилган учрашувдаги нутқидан келиб чиқадиган вазифалар ижросини таъминлаш, туманда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда рўй бераётган ўзгаришлар, олиб борилаётган ишларга тўхталди. 

Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев туман марказидаги маданият ва истироҳат боғининг бугунги ҳолати талабга жавоб бермаслигини айтиб, уни “Ёшлар боғи”га айлантириш ҳақида таклиф билдирди. Вилоят ҳокимининг бу ташаббуси туман ёшлари томонидан катта қувонч билан кутиб олинди. 

“Ёшлар боғи” ёшларнинг чинакам дам оладиган, ҳордиқ чиқарадиган масканига айланади. Бу ерда ёшлар учун зарур бўлган ҳамма нарса муҳайё қилинади, айтайлик, кутубхона, қироатхона уларнинг ихтиёрида бўлади.

Худди шунингдек, туман марказида спорт мажмуаси бунёд этилади. Бу ерда кўплаб спорт тўгараклари фаолият юритади ва у ёшларни ўз бағрига қамраб олади. Вилоят ҳокими туманнинг бир гуруҳ ёш тадбиркорларига, ёш фермерларига, ижтимоий-иқтисодий соҳа пешқадамларига, спортчиларга вилоят ҳокимининг эсдалик совғаларини топширди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Суҳроб Мақсудов, туман ҳокими Абдумавлон Ибодуллаев, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят бўлими раиси Шавкат Зайниддиновлар ҳам қатнашди.

Мавзуга оид