“Миллий Тикланиш” вакили партия ҳукуматда ўз портфелига эга бўлиши кераклигини айтди
Бугунги кунда бутун дунё мамлакатларида миллийлик масалалари кун тартибига чиқмоқда. Шу мақсадда, Ўзбекистонда ҳам соф ўзбек тилида гаплашиш, миллий жиҳатларни кучайтириш, иқтисодиётни ривожлантириш билан бир қаторда кун тартибига олиб чиқилиши лозим. Халқаро Пресс-клубда парламент аъзолари билан ташкил этилган сессияда шу мавзуга ҳам эътибор қаратилди.
Сессия модератори Ш.Қудратхўжаевнинг сўзларига кўра, бугунги кунда партиялар орасида бу масалада “Миллий Тикланиш” демократик партияси бироз жон куйдирмоқда, бироқ бу ҳам етарли эмас.
“Масалан, яқинда 2-3та вилоятларда бўлдим. Жойларда телеканаллардаги ҳамма титрлар русчада. Мана, масалан UzDigital TV каналларини кўринглар. Бирон эълон бермоқчи бўлса, биринчи рус тилида ёзади: Уважаемые абоненты! Фалон-фалон. Ўзбекча мусиқа ёки кўрсатув кетаяпти, аммо тагида биринчи рус тилида эълон ёзилади. Нега “Миллий Тикланиш” демократик партияси UzDigital TV компаниясига хат ёзиб, Ўзбекистоннинг 85 фоиз аҳолиси ўзбек экани, ўзбек тилида гаплашишига эътибор қаратмайди? Мобил компанияларга қўнғироқ қилсангиз ҳам аҳвол шу, биринчи русча гапиради”, - деди Шерзодхон Қудратхўжаев.
Бунга эътироз билдирган “Миллий Тикланиш” партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Алишер Қодировга кўра,партия бу борада сўнгги сайловлардан буён жуда кўп ташаббуслар билан чиққан, аммо унинг ҳукумат таркибида портфели бўлмагани сабабли имкониятлари чекланган.
Қодировнинг ҳикоя қилишича, депутат сифатида қишлоқларга боришганида ўзбек тили билан боғлиқ ғаройиб ҳолатларга кўп бора дуч келишади.
“Қишлоққа бораяпмиз, депутат сифатида. Яшаса, бир ярим минг-икки минг аҳоли яшайди. Битта кичкинагина бинога “Мы открылись” деб ёзиб қўйибди. Шу қишлоқда рус тилида гаплашадиган одам борлигига шубҳа қиласиз. Давлат тили тўғрисидаги қонуннинг бузилганини бориб айтсангиз, “ака, бизларга шуни беришди”, деб жавоб беради. Шуни очган тадбиркор шу нарсани қилиш керак, деган тушунчада яшаяпти.
Бу ерда масала нимада? Нафақат, ўзбек тили тўғрисидаги қонун ижроси, балки тўй-ҳашамларни ўтказиш ёки бўлмаса миллий қадриятларимизни топталиши масалалари бўйича жуда кўп муаммолар бор. Лекин “Миллий Тикланиш” партияси бугунги кунда бу масалаларни олиб чиқиш учун ҳукумат даражасида бирорта вакили ёхуд вазирига, ҳукумат таркибида бирор ўринга эгами? Президент 12 июлдаги йиғилишда партиялар сайловларда олган ўринларига қараб ҳукуматда портфелига эга бўладиган тизимга ўтилишини айтди. Масалан, бугунги кунда “Ўзбектуризм” ёки Маданият вазирлиги раҳбари “Миллий Тикланиш” партияси вакили бўлганида, биз юқорида қайд этилганга ўхшаш масалаларни ҳал этишда кўпроқ имкониятга эга бўлар эдик.
Аммо, келинг очиқча гаплашайлик. Бугунги кунда бизда кучли ижро ҳокимияти бор. Биз бу масала бўйича мурожаат қилганмиз. Аммо, Президент айтганидек, депутатлар Парламент назорати деган ваколатидан етарли даражада фойдалана олмаяпти. Қонунчилик Палатасидаги фракциялар 200 дан ортиқ депутатлик сўровини амалга оширган. Бу мурожаатларга ижро ҳокимиятидан муносабат қандай бўлаяпти? Тўғри, партияларнинг мудроқлиги, гўёки сунъий ташкил этилгандек таассурот уйғотаётганини ҳам эътироф этиш керак. Биз жойларга чиқишни бошлаганимиздан кейин қабул қилинган қонунларимиз умуман ишламаётгани ёхуд юзаки ёндашилаётганини кўра бошладик”, - дея кескин фикрларини билдирди Алишер Қодиров.
Мавзуга оид
19:00 / 22.10.2021
«Одамлар мени тушунмаётган бўлса, улар менга овоз бермайди» — Алишер Қодиров
20:47 / 13.10.2021
«Конституцияга мамлакат суверенитетига таъсир кўрсатадиган лойиҳаларда қатнашишни тақиқловчи норма киритамиз» — Алишер Қодиров
14:06 / 30.09.2021
«Олий маълумотлининг қўлида ҳам ҳунари бўлиши керак» — Алишер Қодиров
21:05 / 24.02.2021