Жаҳон | 22:01 / 21.07.2017
8772
2 дақиқада ўқилади

Таиландлик генерал мигрантларга ноинсоний муносабатда бўлгани учун 27 йилга қамалди

Фото: Athit Perawongmetha / Reuters

Таиланд пойтахти Бангкок шаҳри суди генерал Манус Конгпанни порахўрлик ва мигрантларга нисбатан ноинсоний муносабатда бўлганлиги учун 27 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда Reuters’га асосланиб, Lenta.ru хабар қилмоқда.

Тергов 2015 йилда жанубдаги Сонгкла вилоятида, асосан, роҳинжа халқига мансуб инсонларнинг оммавий дафн этилган жойи топилганидан сўнг бошланган эди. 

Контрабандачилар одамларни Мьянма ва Бангладешдан Таиландга жўнатишган. Конгпан эса Таиландга ноқонуний кириб келган мигрантларни экстрадиция қилишга жавобгар шахс бўлган. Унинг раҳбарлигида ҳарбийлар мигрантларни моторсиз, эшкаксиз ва елкансиз қайиқларга ўтқазиб, денгизга қўйиб юборишган ва оқибатда уларнинг кўпчилиги йўлда нобуд бўлган.

Бу ишга алоқадорликда гумонланган жами 62 киши судланган.

Генералнинг ўзи мигрантларга ёмон муносабатда бўлганини қатъиян рад этиб келмоқда. Унинг сўзларига кўра, генерал уларга ёрдам берган, чўнтагидаги пулларни сарфлаб, мигрантларга таом ва сув олиб берган.

Роҳинжа халқи Мьянманинг ғарбий ҳудудларида истиқомат қилади. Ислом динига итоат этувчи бу халқ буддавий бирмаликлар томонидан уюштирилган босимга чидаш бера олмай, кўпинча қўшни давлатларга қочиб ўтишади. 

Мавзуга оид