Жамият | 20:37 / 24.07.2017
10695
4 дақиқада ўқилади

Йилнинг 1-ярмида истеъмолчилар фойдасига 2 млрд сўмлик етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Кенгашининг 2017 йил I ярим йиллик фаолияти якунларига бағишланган сайёр йиғилиши Андижон шаҳрида бўлиб ўтди.

Йиғилишда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” давлат дастури доирасида федерация ва унинг ҳудудий тузилмалари амалга оширган ишлар танқид ва таҳлил нуқтаи назаридан муҳокама этилди, келгусида аҳоли (истеъмолчилар) билан доимий мулоқотни кенгайтириш, аҳоли ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва истеъмол маданиятини юксалтиришнинг самарали механизмларини жорий этиш юзасидан тегишли режалар белгилаб олинди.

2017 йилнинг биринчи ярмида федерацияга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жами 148 та мурожаат келиб тушди ва улар ижро учун ҳудудий бирлашмаларга юборилди. Мазкур мурожаатларнинг 133 таси ижобий ҳал этилди ва истеъмолчиларга 15 млн 743 минг 150 сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.

“Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналари ярим йил ичида фуқаролардан келиб тушган 2835 та мурожаатни рўйхатга олди. 2175 та мурожаат бўйича уларга қонун талабларидан келиб чиқиб, ҳуқуқлари тушунтирилди. 
316 та мурожаат юзасидан давлат ва назорат қилувчи органларга, 59 та мурожаат юзасидан эса суд органларига мурожаат қилиш бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Федерация марказий ижро этувчи аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари, туман ва шаҳар жамиятлари раислари аҳоли (фуқаролар) билан жами 4542 марта мулоқот ўтказди ҳамда аниқланган ҳолатларни жойида бартараф этиш максадида мутасадди идора ва ташкилотларга жамоатчилик назорати тартибида мурожаатлар киритди.

Ҳисобот даврида федерация ва унинг ҳудудий тузилмаларига фуқаролардан жами 5725 та мурожаат келиб тушди, мурожаатларнинг 5258 таси, яъни (91,8 фоизи) ижобий ҳал этилди, истеъмолчилар фойдасига жами 2 млрд. 36 млн. 295,5 минг сўм миқдордаги етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.

Бундан ташқари, федерация истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кўзлаб, суд органларига 114 та ҳолат бўйича даъво аризаси киритди. Улар ижобий ҳал этилиши натижасида 140 млн. 539,1 минг сўмлик моддий зарар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди. 157 та мурожаат назорат органларига кўриб чиқиш учун юборилиб, ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига 58 млн. 842,2 минг сўмлик маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Кенгаш йиғилишида федерация, Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси ва вилоятлар бирлашмалари раисларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлар лавозимларини жорий этиш ҳақида алоҳида қарор қабул қилинди. 

Ўша куни федерация кенгаши аъзолари “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” дастури доирасида Андижон вилоят Булоқбоши тумани Қақир қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли фуқароларнинг хонадонига бориб, учрашувлар ўтказди ва уларнинг муаммоларини ўрганди. 

Федерация ижтимоий ёрдамга муҳтож Исроил ва Насиба Йўлдошевлар хонадонига битта сигир ажратди. 

Ўша жойда истиқомат қилувчи Файзхон Турғунова билан мулоқот қилинганда у ногирон фарзандини касалхонага ётқизиб даволатишга, унга дори-дармон сотиб олишга қийналаётганидан, бундан ташқари, уйининг бошланган қурилишини тугатишга маблағ етишмагани сабабли қийналаётганидан шикоят қилди. Ушбу оилага маҳаллий ҳокимият идоралари билан бирга ёрдам бериш бўйича чора-тадбирлар режаси белгиланди ва оилага амалий ёрдам кўрсатишга қарор қилинди.

Мавзуга оид