19:39 / 24.07.2017
14735

Ноқонуний равишда ер қаъри ва норуда фойдали қазилмаларни қазиб олганлар фош этилди

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан навбатдаги экологик рейд ташкил қилинди. Бу ҳақда Кун.uz’га Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Рейд Тошкент вилояти Пскент ва Ўрта Чирчиқ туманлари ҳудудидан оқиб ўтувчи Оҳангарон дарёси ўзанларида бўлиб ўтди.

Дарё ўзанларини тозалаш ва дарё қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга ошириш борасидаги қонунчиликни ўрганиш асносида хўжалик юритувчи субъектлари томонидан давлат экологик экспертизаси хулосаси ҳамда рухсатномасига эга бўлмай туриб, ноқонуний равишда ер қаъри ва норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишлари амалга оширилаётгани аён бўлди.

Мисол учун хўжалик субъекти томонидан ер сатҳидан баландлигини ўлчовчи нуқта (репер) ўзан тозалаш ва тўғрилаш ишларини бошлаш жойининг ўнг ва чап қирғоқларида ўрнатилмаган, зарур белгилар билан жиҳозланмаган ҳамда дарё ўзанида олиб бориладиган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси билан келишилмаган.

Мазкур хатти-ҳаракатлар Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида” ҳамда “Экологик экспертиза тўғрисида”ги Қонун талаблари ва бошқа норматив-ҳуқуқий актларнинг қўпол равишда бузилишига олиб келмоқда.

Рейд давомида хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларига амалдаги қонунчилик талабида ўз корхоналарининг фаолиятларини белгиланган тартибда тегишли экологик меъёрий ҳужжатлар билан таъминлашга доир ёзма огоҳлантиришлар берилди.

Бундан ташқари, экскаватор ҳайдовчилари Р.Бердиев, Қ.Одиловлар  ва юк автомашинаси ҳайдовчилари Ж.Тиллаев, Д.Икромовлар (исм-шарифлари ўзгартирилган) белгиланмаган жойлардан қум-шағал қазиб олаётган ҳамда ташиб кетаётган пайтда Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари томонидан тўхталиб, қонунчиликда белгиланган ҳужжатлар расмийлаштирилди. Улар Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддалари билан маъмурий жавобгарликка тортилди.

Top