Ўзбекистон | 14:16
1163
2 дақиқада ўқилади

Оҳангаронда мис қувурлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи доирасида Оҳангарон туманидаги Infinity Copper Group мис қувурлари ва фитинглар ишлаб чиқариш корхонасида амалга оширилаётган лойиҳа, импорт ўрнини босиш ва экспорт салоҳияти бўйича режалар билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи давомида Оҳангарон туманида жойлашган Infinity Copper Group корхонаси фаолиятини ҳам кўздан кечирди. Корхонада мис қувурлари ва фитинглар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.

Тақдим этилган маълумотга кўра, лойиҳа Хитой ва Германия компаниялари билан ҳамкорликда 10 гектар майдонда амалга оширилмоқда. Умумий қиймати 36 миллион долларга тенг бўлган лойиҳа доирасида қурилиш ишлари 90 фоизга якунланган, 14,9 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган.

Қайд этилишича, 2025 йилда Ўзбекистонга 15 миллион долларлик мис қувурлар ва фитинглар импорт қилинган. Корхона тўлиқ ишга туширилгандан сўнг 10 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Корхонада 300 та янги иш ўрни ташкил этилиши, 200 миллиард сўм бюджет тушумлари таъминланиши ҳамда 350 миллион долларлик экспорт амалга оширилиши режалаштирилган. Маҳсулотларни Бирлашган Араб Амирликлари, АҚШ, Африка қитъаси ва Европа давлатларига етказиб бериш кўзда тутилган.

Маълум қилинишича, Infinity Copper Group Ўзбекистонда мис қувурлари ва фитинглар ишлаб чиқариш ҳажми бўйича етакчи ўринни эгаллаб, жами тўртта ишлаб чиқариш корхонасини ўз ичига олади.

Ташриф якунида давлат раҳбари мис қувурлари ва фитинглар ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, юқори қўшилган қийматли саноат маҳсулотлари улушини ошириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, ички бозор эҳтиёжини тўлиқ қондириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш учун рақобатбардош, замонавий корхоналар сонини кўпайтириш зарурлиги қайд этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид