Очиқ мулоқот: Аҳволинг қандай, ёш фермер?!
Ёшларнинг барча қатламини қамраб олиш Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг бирламчи вазифасига айланган. Жойларда фермер хўжаликларини бошқараётган ёш вакилларимиз ҳам борки, улар тиним билмасдан, ҳар қандай заҳматни писанд қилмасдан меҳнат қилмоқда. Айниқса, ёзнинг жазирама иссиғидаги қайноқ фаолият уларнинг кундалик тарзига айланган. Энг муҳими, ғалла, пахта, такрорий экинлар экиб, даромад олаётган, бу билан ўзининг, ҳам ишчиларининг рўзғорини обод қилаётган бу ёш фермерлар ўзларини юрт тараққиётига дахлдор, деб биладилар.
Аммо уларнинг иш фаолияти ҳар доим ҳам бир текисда, рисоладагидек кетяпти, деб бўладими? Афсуски, йўқ! Уларнинг қалбида не-не орзулар, режалар борлигига қарамай, бу истакларнинг амалга ошишида не-не тўсиқлар мавжуд эканлигини биламизми? Дардинг не, аҳволинг қандай деб сўрайдиганлар борми?
Жиззах вилоятининг Дўстлик ҳамда Пахтакор туманларида Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқининг ёш фермерлар билан ўтказган очиқ мулоқоти ана шу саволимизга жавобдай бўлди. Дастлаб Дўстлик тумани дала шийпонида бўлиб ўтган мулоқотни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Жиззах вилоят кенгаши раиси Азиз Эгамбердиев очиб берди. Шундан сўнг Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Одилжон Тожиев сўзга чиқди.
– Келинг, ортиқча маърузабозликдан қочайлик-да, очиқ мулоқотга ўтайлик. Бир-биримиз билан самимий суҳбатлашайлик. Қанақа таклифингиз бор, қандай муаммолар сизни қийнаяпти, бугун сизларни эшитишга, муаммоларни ўрганишга келганмиз, – деди Одилжон Тожиев ёш фермерларга қарата. – Бир рақамни айтай. Бундан сизлар ҳам фахрланасиз: Республикамиз бўйлаб 5847 та ёш фермер бўлса, шулардан анча қисми – 1355 таси Жиззах вилояти ҳисобига тўғри келар экан. Демак, бу бошқа вилоятларга қараганда Жиззахда ёш фермерлар фаолияти кенг қулоч ёйганлигидан далолат беради. Энг кўп ёш фермерлар Жиззах вилоятида бўлгани учун сизлар билан очиқ мулоқот ташкил қилишни мақсад қилдик.
Шундан сўнг вилоятнинг Арнасой, Мирзачўл ҳамда Дўстлик туманларидан келиб йиғилган ёш фермерлар бирин-кетин таклиф ва муаммоларини айтишди.
Сўзга чиққан ҳар бир фермер аввало бу йилги давлатга ғалла топшириш режасини ортиғи билан бажаришганини, ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинларни экканлигини, бу ҳам давлатимизнинг фермерларга яратиб берган имконият эканлигини алоҳида таъкидлашди.
Лекин уларни қийнаётган муаммолар ҳам бор эканки, бу муаммолар ҳал этилса турли адолатсизликлар барҳам топиши мумкин экан. Олайлик, биринчи бўлиб сўз олган бир фермернинг айтишича, мавсумий ишчиларнинг чопиқ қилгани учун иш ҳақини беришда анча муаммолар пайдо бўлмоқда. Муаммо шундаки, бу иш ҳақлари банк томонидан пластик карточкалар орқали тақдим қилинмоқда. Чопиқчи билан эса нақд кўринишда келишилган бўлади. Оқибатда фермер пластик карточкасини пулни нақдлаштириб берадиган”тадбиркорлар”га олиб бориб, 10-12 фоиз пулни олиб қолиш эвазига нақд пулга эга бўлмоқдалар.
Пахта заводда ишлайдиган ҳисобчиларни тартибга чақириб қўядиган одам йўқми? Қарзимдан қутулган бўлсам ҳам, ҳисоб рақамимдаги пулни яна солиқдан қарзсан деб олиб қўяди. Ўзим янги уй-жой олганман. Янги уйнинг кредитидан қутулсам, трактор оламан деган ниятим бор эди. Ҳали унга, ҳали бунга деб пулимни совуришадиган бўлса, мен қачон трактор оламан, дейди яна бир фермер.
– Ишимни жуда яхши кўраман. Бугунги очиқ мулоқот биз каби ёш фермерларга жуда катта куч бағишлайди. Менинг ҳам фаолиятимда ўзига яраша муаммо бор, – дейди мирзачўллик Бекзод Умаров. – Оқар сув орқали ҳам, насос орқали ҳам суғорилган пахта ҳосили учун бир хил пул тўланади. Бизнинг фермер хўжаликдаги пахта насос орқали суғорилади. Ахир, биз насос учун пуллик шартнома қилганмиз. Бунинг учун йиллик тўловларни амалга оширмоқдамиз. Ҳосил учун тўловларда ана шу жиҳатлар ҳам ҳисобга олинса, деган таклифимни айтмоқчийдим...
Бошқа ёш фермерларда ҳам шунга ўхшаш муаммо бор экан. Олайлик, ери яхшими- ёмонми, ҳосилдорлиги баландми-пастми фарқи йўқ –давлат режаси бирдай талаб қилинаётганлиги ҳам уларни қийнамоқда.
– Ёш фермерларга кўмак берадиган“Ёш фермерлар ассосиацияси” ташкил қилинмоқда, – дейди Марказий кенгаш бўлим мудири Маҳмуджон Иноятов. – Бу ташкилот фермерларга ҳар томонлама кўмакчи бўлади. Ҳозирда томчилатиш, иссиқхоналар ташкил этиш, кредитлар олиш, турли инновацион технологиялар билан ишлаш кабилар фермерларни қизиқтирган жиҳатлардир. Ана шу янгиликларни ёш фермерлар фаолиятига жорий этишда бу ассосиация кўпгина ишларни режалаштирган.
Мулоқотдан сўнг иштирокчилар Дўстлик туманидаги “Нуриддин Фазлиддин” фермер хўжалиги даласида бўлишиб, ёш фермер Фурқат Нурмуҳаммедовнинг ишлари билан танишди ва тажрибаси билан ўртоқлашишди. Фурқат 1987 йили туғилган. Икки йилдан бери 40 гектар ер майдонига эга шу фермер хўжаликни бошқаради. Олий маълумотли. Намунавий асосда қурилган янги уйлардан харид қилиб, унда истиқомат қилмоқда. Бир ўғли бор. Бу йилги ғалла режасини ортиғи билан уддалади. Бўшаган ғалла майдонига такрорий экинлар – қовун ва мош эккан.
Пахтакор туманида бўлиб ўтган мулоқот ҳам жуда самарали кечди. Унда Зафаробод, Пахтакор, Шароф Рашидов туманларидан келган ёш фермерлар тўпланди. Улар Ўзбекистон Қаҳрамони, вилоят фермерлар кенгаши раиси, тажрибали фермер Анорбой Эшматов билан учрашдилар. Бу учрашувда ҳам ёшлар ўзларини қийнаётган муаммоларини айтишди, таклифлари билан ўртоқлашди. Айниқса, дренажларнинг яхши ишламаётганлиги ҳақидаги муаммонинг айтилганлиги кўпчиликка маъқул келди.
Мамлакатимизда ҳали биринчи марта ёш фермерлар билан тўғридан-тўғри бўлиб ўтган бундай очиқ мулоқот иштирокчиларда катта таассурот қолдирганига шубҳа йўқ.
Шоди ОТАМУРОД,
Turkiston мухбири
Мавзуга оид
10:38 / 13.10.2024
Фарғонада кредит ажратиш эвазига фермердан пул олган банк филиали менежери аниқланди
13:41 / 02.10.2024
Деҳқоннинг “уйи куйди”: Кегейлида 14 гектар пишай деб турган шоли даласи бузиб ташланди
19:46 / 30.09.2024
Сенат кооперативлар бўйича қонунни маъқуллади
19:17 / 30.09.2024