Каттақўрғонда ёш йигит тенгдошлари томонидан калтакланиши туфайли ҳаётдан кўз юмди
"Ёшлик – бебошлик" деган ибора халқимиз орасида кенг тарқалган. Бу гапни кимлар эркалаш маъносида айтса, кимдир ёшлик қизиққонлиги туфайли содир бўладиган баъзи нохуш ҳолатларга нисбатан қўллайди. Аслида бу бебошлик инсон умрига зомин бўлишига олиб келса-чи? Каттақўрғон шаҳрида юз берган ана шундай бебошлик ортидан содир этилган жиноят бир ёш йигитнинг ўлими билан якун топди, деб ёзмоқда “Зарафшон” газетаси.
Ушбу жанжал дастлаб Каттақўрғон шаҳар Ингичка қўрғонида ташкил этилган арқон тортиш мусобақасида бошланди. Тортишув мусобақа якун топгандан кейин ҳам давом этади ва ёшлар гуруҳбозлик қилиб, бир-бири билан "ҳисоб-китоб" қилишни ўзларига маъқул кўришади.
Р.Турсунов ва А.Бобомуродов мусобақанинг эртасига Д.Кенжаев ва М.Абдунабиевларни автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси ёнида ҳақоратлаб, уларга тан жароҳати етказади. Шу билан жанжал якунига етмайди. Жабрдийдалар қасос олиш учун ёнига ўртоқларини тўплайди.
М.Абдунабиев, Ж.Жумаев ва Ф.Махмадраимов бир гуруҳ бўлиб, А.Бобомуродовни дўппослайди. Воқеага гувоҳ бўлган Б.Бердираҳмонов А.Бобомуродовни таниб, унга ёрдам беришга ошиқади ва у ҳам жаҳл отидаги кимсалар муштидан бенасиб қолмайди.
Муштлашув натижасида А.Бобомуродов ҳушини йўқотади. Унга ёрдам бермоқчи бўлган жанжал иштирокчиларининг ҳаракати бесамар кетади. Шифохонага олиб борилган А.Бобомуродов тан жароҳатлари туфайли вафот этади.
Воқеа жойида олиб борилган тезкор суриштирув ишлари ва гувоҳлар кўрсатмаси жиноятга қўл урган кимсаларнинг айбини тасдиқлади.
Суднинг қора курсисида ўтирган, ёшлик завқини заҳарга айлантирган ёшлар қилмишидан пушаймон бўлди. Суд уларга нисбатан қонуний жазо тайинлади.
Мавзуга оид
11:24 / 06.11.2024
ИЖҚКДнинг иқтисодий жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилади
11:12 / 29.10.2024
8 йилгача қамоқ жазоси – Жиноят кодексига «лихорадчик»лар учун алоҳида модда киритилди
21:29 / 27.09.2024
Чилонзорда “дом” қурмоқчи бўлган фирма мансабдорлари терговга тортилди
18:26 / 16.09.2024