Хитойда Халқ-озодлик армияси ташкил топганига 90 йил тўлди
Дунёдаги энг йирик қуролли кучлар – Хитой халқ-озодлик армияси ташкил этилганига 90 йил тўлди. Армия тарихи 1927 йилнинг 1 августидаги Наньчан қўзғолонига бориб тақалади, ўшанда Гоминьдан армиясининг Наньчан шаҳридаги қисмлари партия томонидан амалга оширилган аксилкоммунистик инқилобга қарши чиқишган.
Ушбу сана муносабати билан мамлакат олий ҳарбий раҳбарияти Пекин марказидаги халқ йиғилишлари Уйида қабул ташкил этмоқда. Кутилишича, унда ХХР раиси, ХКП МҚ бош котиби, Марказий ҳарбий кенгаш раиси Си Цзиньпин чиқиш қилади.
Бутун мамлакат бўйлаб қуролли кучлар ташкил этилган кун шарафига байрам концертлари ва митинглар, фахрийлар учрашуви, шунингдек, армиянинг ривожланиш босқичларига бағишланган кўргазмалар ва экспозициялар бўлиб ўтади.
Парад
30 июль куни Ички Мўғулистон шимолий мухтор туманидаги Чжужихэ полигонида ҳарбий парад бўлиб ўтди. Қўшинларни бош қўмондон, ХХР Марказий ҳарбий кенгаши раиси Си Цзиньпин шахсан қабул қилди. Унда 12 минг ҳарбий хизматчи ва 600 та техника қатнашди, улар орасида 100 дан ортиқ самолётлар бор эди. Хитой Марказий телевидениесининг хабар беришича, қуролларнинг тахминан 40 фоизи илк бора намойиш этилди.
Ҳукумат сўнгги лаҳзага қадар ушбу тадбирга тайёргарлик кўрилаётганини яшириб келди – давлат ОАВ у ҳақда фақатгина шанба куни кечқурун хабар берди. Хорижий матбуот парадни ёритишга киритилмади. Ҳодиса жойидан трансляцияни Марказий телевидение, Хитой Халқаро ва Халқ радиоси олиб борди.
Параднинг “техник” қисмини армия авиацияси очиб берди. 17 ва 24 та Z-19 жанговар вертолётларидан иборат икки гуруҳ “81” (1 август – Хитой халқ-озодлик армияси ташкил этилган кун) ва “90” (90 йил тўлиши муносабати билан) сонларини ташкил қилди.
Хитой парад давомида DF-31AG энг янги қитъалараро баллистик ракетани биринчи марта кўрсатди. Репортажда таъкидланишича, бу мажмуанинг максимал масофаси 10 минг километрдан ошиқни ташкил қилади.
Меҳмонлар ва томошабинлар учун параднинг ҳаво қисмидаги энг кутилган қатнашчига бешинчи авлоддаги J-20 қирувчиси айланди. У пайқаш мушкул бўлган радиолокация технологиясидан фойдаланади. Полигон узра бирданига учта шундай машина битта сафда учиб ўтди.
Кенг оммага ҳавода устунликни қўлга киритиш учун мўлжаллаб яратилган J-16 қирувчиси ҳам илк бора кўрсатилди. Бундан ташқари, дастурнинг “ҳаво” қисмида палубали авиация ҳам намойиш қилинди - "Ляонин" авиаташувчи авиақанотидаги J-15 қирувчилари.
ХХР раиси парад якунлангандан сўнг ҳарбий хизматчиларга Хитой суверенитети ва миллий манфаатларини ҳимоя қилиш учун кучли қуролли кучларни ташкил этиши лозимлиги ҳақида маълум қилди.
Юбилей экспозицияси
Пекиндаги хитой халқ инқилоби ҳарбий музейи армия ташкил этилганининг 90 йиллигига бағишлаб экспозицияни очди. Очилишга қадар кўргазмага Си Цзиньпин ва мамлакатнинг бошқа раҳбарлари ташриф буюрди.
Экспозиция хронологик жиҳатдан ташкил этилган бўлиб, 1927 йил 1 август воқеаларидан бошланади. Ўшанда Гоминьдан армиясининг Наньчан шаҳридаги қисмлари коммунистлар раҳбарлигида қўзғолон кўтаришганди, у Гоминьданга қарши илк қуролли чиқиш сифатида баҳоланади. Наньчан қўзғолони бостирилганига қарамай, айнан унда ХХРнинг бўлажак ҳарбий-сиёсий раҳбарияти пайдо бўлди. Хитой халқ-озодлик армиясининг бош яратувчиси хитой инқилоби етакчиси Мао Цзэдун ҳисобланади, унинг образи – экспозиция марказида.
Майдони 5 квадрат километрга тенг кўргазмада мингдан ортиқ фотосуратлар ва 1,3 минг бошқа экспонатлар тақдим этилган, улардан тахминан юзтаси илк бора кўрсатилмоқда. Музей ҳовлисида ҳам замонавий қурол намуналари бор: Тур-99А жанговар танки, шунингдек, DF-31A мобиль учириш қурилмаси ва бошқа техникалар.
Кўргазма Хитой халқ-озодлик армияси қурилишининг асосий босқичларини ўзида мужассамлаштирган: Хитойдаги фуқаролик уруши, Хитой Коммунистик партияси раҳбарлигида доимий армиянинг ташкил этилиши, Корея урушида (1950-1953) “хитойлик кўнгиллиларнинг” иштирок этиши, ракета-ядро қуролининг яратилиши кабилар. Собиқ иттифоқ билан 1960-йилларнинг охирида юз берган чегара можароси, Жануби-Хитой денгизида қўшни давлатлар билан тўқнашувлар ҳам эслаб ўтилган.
Бироқ экспозиция муаллифларининг энг муҳим мақсадларидан бири – қуролли кучлар ривожланиб бораётгани ҳамда мамлакат эҳтиёжлари ва талабларига қараб ўзгараётганини кўрсатиш эди. Бу ХХР раиси Си Цзиньпин кенг кўламли ҳарбий ислоҳот ташаббуси билан чиққани фонида айниқса долзарблик касб этди.
Қуролли кучлар ислоҳоти
2015 йилнинг охирида мамлакат ҳукумати қуролли кучларда кенг кўламли ислоҳотни бошлади. Қуролли кучлар сони 300 минг кишига қисқартирилди, Хитой халқ-озодлик армияси ташкилий-штат тузилмаси ва қўшинларни бошқариш тизимида жиддий ўзгаришлар юз берди.
2015 йилнинг декабрида мамлакат раҳбарияти армиядаги Иккинчи артиллерия корпуси Ракета қўшинларига ўзгартирилгани, шунингдек, Стратегик қўллаб-қувватлов қўшинлари ташкил этилгани ҳақида маълум қилди.
Бош штаб, Бош сиёсий бошқарма, Захира бош бошқармаси, Қурол-яроғ ва ҳарбий техника бош бошқармаси 15 та ҳарбий-маъмурий бирликка айлантирилди, улар олий ҳарбий орган – Марказий ҳарбий кенгашга буйсунади. Қуролли кучлар бошқарув органлари таркибида Қуруқликдаги қўшинлар қўмондонлиги ҳам ташкил қилинди.
Йирик ҳарбий тузилмалар тизимида ўзгаришлар аввалдан кутилганди. 1950-йилларда мамлакат ҳудуди 13 та ҳарбий округга ажратилди, 1960-йилларда улар 11 тага қисқарди, 1985-1988 йиллардаги ислоҳот пайтида – еттига қадар. 2014 йилда янги ўзгаришлар ҳақида илк хабарлар пайдо бўлди, 2015 йилнинг ноябрида эса ҳарбий округлар ўрнида жанговар қўмондонлик зоналари пайдо бўлиши борасида маълумотлар тарқалди.
2016 йилнинг 1 февраль куни Хитой халқ-озодлик армияси минтақавий бошқарув тизимида ўзгариш ҳақида эълон қилинди: 7 та ҳарбий округ бешта жанговар қўмондонлик зонасига айлантирилди – Шимолий, Жанубий, Ғарбий, Шарқий ва Марказий – уларнинг бошқарувида барча бирлашмалар, қисмлар ва қуруқликдаги қўшинлар кемалари, ХХОАнинг ҲҲК ва ҲДКси бўлиши айтилди.
Ушбу ўзгаришлардан мақсад қўшинларни бошқаришнинг уч поғонали тизимига ўтишдир: ХХР Марказий ҳарбий кенгаши – оператив қўмондонлик – бўлинмалар. Хусусан, янги тузилма қўшинларни бошқариш тизими самарадорлиги ва турли қўшин турлари ўртасидаги ўзаро ҳаракатлар даражасини ошириши таъкидланган.
Сон
Хитой қуролли кучлари дунёдаги энг кўпсонли армия ҳисобланади. Хитойда фуқаролик уруши тугагани ва ХХР ташкил этилганидан сўнг фаол хизматда 5,5 млн ҳарбий хизматчи бор эди (1949 йилнинг 1 октябри). Кейинчалик бу рақам аста-секин қисқариб борди, бироқ минтақавий ва ички сиёсий инқирозлар пайтида яна ошган: 1951 йилда Корея уруши пайтида 6,27 млн.га етди, 1975 йилдаги Маданий инқилоб даврида - 6,1 млн аскар ҳамда зобитлар.
Айни дамда қуролли кучлар сони 2,3 млн кишига тенг. 2015 йилнинг охирида мамлакат ҳукумати кенг кўламли ҳарбий ислоҳот ҳақида маълум қилди, унинг доирасида ХХОА яна 300 минг кишига қисқартирилади. 2017 йилнинг охирида армиянинг сони тахминан 2 млн ҳарбий хизматчига тенг бўлиши лозим.
Ҳарбий бюджет
ХХОАдаги ҳарбий хизматчилар сонининг қисқартирилишига қарамай, мамлакат ҳукумати ўн йиллар давомида қуролли кучлар бюджетини ошириб бормоқда. 2017 йилда Хитой мудофаа бюджети 7 фоизга ўсиб, тахминан 151,97 млрд долларни ташкил қилди. Бу Хитой ЯИМдан 1,3 фоизга тенг.
ХХР бу кўрсаткич бўйича жаҳонда АҚШдан сўнг иккинчи ўринда туради. Бироқ қатор таҳлилчиларнинг фикрича, Хитойнинг мудофаага ҳақиқий харажатлари анча кўпроқ суммага тенг. Стокҳольм дунё муаммоларини тадқиқ қилиш халқаро институтининг баҳолашича, 2016 йилда бу сумма 215 млрд долларни ташкил қилган.
Мавзуга оид
13:00 / 21.10.2024
РФда армиядан қочгани учун 12 киши фуқароликдан маҳрум этилди
09:09 / 06.08.2024
Бангладеш армияси муваққат ҳукумат тузилишини эълон қилди
20:16 / 22.07.2024
Ўзбекистонда янги зирҳли ҳарбий машина ишлаб чиқилди
11:01 / 26.06.2024