23:23 / 05.08.2017
17100

Сурхондарёлик жисмоний имконияти чекланган оилаларга янги лойиҳали уйлар топширилди

Фото: fb.com @turdimov

Сурхондарё вилоятида жисмоний имконияти чекланган, уй-жойга эҳтиёжманд фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғаси – янги уй-жойлар тантанали топширилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов “Фейсбук”даги ўз саҳифасида маълум қилмоқда. 

Маълумотга кўра, Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллик байрами арафасида вилоятда уй-жойга эҳтиёжманд, жисмоний имконияти чекланган 32 нафар фуқарога имтиёзли кредит асосида уй-жойли бўлиш учун бошланғич бадал тўлови Президент совғаси сифатида амалга оширилиб, янгиланган лойиҳалар асосидаги уйларнинг калити тантанали равишда топширилган. 

“Шеробод туманидаги “Узунсой” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган Олмахон Абдулалиева I-гуруҳ ногирони. Эски касалхона биносининг икки хонасида тўрт жон вақтинча истиқомат қилаётган эди. Улар “Тароқли” массивидаги 2 сотихдан иборат уч хонали замонавий усулда жиҳозланган уйга кўзида қувонч ёшлари билан кўчиб ўтди”, дейилади хабарда.

Термиз, Ангор, Қумқўрғон, Шўрчи, Олтинсой, Денов, Сариосиё, Узун ва Бойсун туманлари ҳамда Термиз шаҳрида ҳам уй-жойга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган бир гуруҳ фуқаролар бошланғич бадал тўлови Президент совғаси сифатида берилган янги уйларга эга бўлишган.

Тадбирлар доирасида уй-жой совға қилинган фуқаролар ва бир гуруҳ кам таъминланган оилаларга замонавий тикув машинкалари, 316 нафар имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачалари ҳам топширилган.

Top