Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига янги вазифалар белгилаб берилди
Ўзбекистон Республикаси Президент Шавкат Мирзиёев Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг янги вазифаларини белгилаб берди. Президент томонидан 2017 йил 4 августда имзоланган фармонда шу ҳақда сўз боради. Ҳужжат Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини тубдан такомиллаштиришни кўзда тутади.
Президентнинг ПФ-5134 фармонида қайд этилишича, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг етарли даражада ишламаётгани туфайли қишлоқ ва сув хўжалиги бошқарувида қатор ҳал этилмаган муаммолар сақланиб қолмоқда. Бу эса соҳани жадал ривожлантиришни таъминлаш ва самарадорлигига салбий таъсир этмоқда.
Қишлоқ хўжалигини бошқаришнинг мавжуд тизими аграр соҳада қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида самарадорликни ошириш ва бозор муносабатларини жорий этишга қаратилган тузилмавий ўзгаришлар борасидаги замонавий талабларга жавоб бермайди.
Замонавий захира ва сув тежамкор агротехнологияларни жорий қилиш, соҳани модернизация ва техник таъминлашга етарли эътибор берилмаяпти. Таълим, фан ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг интеграцияси, аграр соҳада инновацион илмий ишланмаларни жорий қилиш паст даражада сақланиб қолмоқда.
Сув хўжалигини бошқариш тизимида камчиликлар мавжуд. Сув захираларидан самарали ва рационал фойдаланиш зарур даражада таъминланмаяпти.
Аграр соҳа инфратузилмалар тизими етарли ривожланмаган, хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг фермер хўжаликлари билан ўзаро ҳамкорлик механизмларининг паст самарадорлиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфатларининг бузилиши, паст сифат ва кўрсатилаётган хизматларнинг юқори тарифларига олиб келмоқда.
Шу муносабат билан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг вазифалари ва йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланган.
Соҳани комплекс модернизация қилишга қаратилган ягона агротехник ва сув хўжалиги сиёсатини юритиш, фан-техника ютуқлари, замонавий захира, сув тежамкор агротехнологиялар, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида илғор маҳаллий ва хорижий тажрибани жорий қилиш;
Қишлоқ хўжалигини жадал ва барқарор ривожлантириш, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва даромадларини ошириш, ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарор қийматини сақлашга қаратилган мақсадли, соҳавий ва ҳудудий комплекс дастурларни ишлаб чиқиш;
Қишлоқ хўжалиги соҳасига хорижий сармоялар ва техник кўмак бериш (грант) маблағларини жалб қилиш, улардан лойиҳавий бошқарув қоидаларига мувофиқ самарали фойдаланишни таъминлаш;
Сув захираларини бошқариш тизими ва қоидаларини такомиллаштириш, уларнинг тежамкорлик ва рационал фойдаланилишини таъмиинлаш, суғориладиган ерлар мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув хўжалиги иншоотлари, гидротехника қурилмаларини реконструкция ва модернизация қилиш;
Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига хизмат кўрсатиб келаётган инфратузилмалар фаолиятини бозор қоидалари ва механизмлари асосида тубдан такомиллаштириш;
Таълим, фан ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг тизимли асосда интеграциясини таъминлаш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш кабилар белгиланган.
Бунда вазирликка юклатилаётган вазифалар ва фаолият йўналишларини сифатли ва тўлиқ таъминлаш юзасидан Бош вазир ўринбосари, қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Мирзаевга шахсий масъулият юкланиши таъкидланади.
Бундан ташқари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги турли соҳавий кенгашларга барҳам бериш ҳам белгиланган.
Шу билан бирга, вазирлик ҳузурида Қишлоқ ва сув хўжалигида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш Маркази ташкил этиш таклифи маъқулланган.
Қуйисирдарё, Қуйиамударё ва Зарафшон ҳавзалари ирригация тизимлари негизида Қуйисирдарё, Сирдарё-Зарафшон, Қуйиамударё, Амударё сўл соҳили, Зарафшон, Қуйизарафшон ҳавзалари ирригация тизимлари бошқармаларини барпо этиш билан қайта ташкил этиш назарда тутилган.
Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ижтимоий ривожлантириш ва рағбатлантириш Фондини Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги моддий-техник базасини ривожлантириш ва инновацион технологияларни жорий қилиш, вазирлик ходимларини рағбатлантириш Фондига айлантириш белгиланган.
Мавзуга оид
20:46 / 07.11.2024
Президент 10 та сел сув омбори қуриш ишларини бошлашни буюрди
19:07 / 07.11.2024
2025 йилда каналларни бетонлаштиришга 800 миллиард сўм ажратилади
18:21 / 07.11.2024
Президент сув таъминоти оғир туманларда суғоришни «ақлли тизимга» ўтказишни буюрди
20:28 / 01.11.2024