17:56 / 10.08.2017
29437

Видео: Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг илк гуруҳи Саудия Арабистонида

«Ҳаж—2017» мавсуми доирасида ўзбекистонлик зиёратчилар Саудия Арабистонига йўл олишмоқда. 7 август куни жўнаб кетган илк гуруҳлар (459 кишидан иборат икки делегация) айни вақтда Мадина шаҳрида.

Мадинадаги аэропортда ўзбекистонлик ҳожилар кутиб олгани тасвирланган видео тармоқда пайдо бўлди.

Маълумот учун, 7—23 август кунлари давомида ўзбекистонлик 7350 нафар зиёратчини «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг «Тошкент — Мадина», «Бухоро — Мадина», «Самарқанд — Мадина», «Қарши — Мадина», «Наманган — Мадина» ҳамда «Урганч — Мадина» йўналишларида Ҳаж сафарига кузатиш ташкил этилади.

Ҳожилар учун меҳмонхона, тиббий марказ, ошхона ва бошқа ташкилий масалаларни ҳал этиш мақсадида 10 нафар ишчи гуруҳи аъзолари Саудия Арабистонига сафарбар этилган.

Кузатиш ва кутиб олиш тадбирлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонлик зиёратчилар учун Мадина шаҳрида «Масжид ан-Набавий»дан 100—150 метр узоқликда жойлашган «Жавҳарат ар-Рошид», Макка шаҳрида эса Ҳарамдан 5000 метр узоқликдаги тўрт юлдузли «Аброж ал-Ҳидоя» меҳмонхонаси тайёрлаб қўйилган. Ҳар бир хона музлаткич, телевизор ҳамда кондиционерлар билан жиҳозланган. 24 соат давомида замонавий автобусларда зиёратчиларни Макка шаҳридаги Ҳарам масжидига ташиш йўлга қўйилган.

Ўзбекистонлик ҳожилар Мадина шаҳрида 3 кеча 4 кундуз бўлиб, бу ердаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилганларидан сўнг, Макка шаҳрига йўл олади. Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 35 нафардан иборат ишчи гуруҳи, 140 нафар гуруҳ раҳбари, 35 нафар шифокор ва 15 нафар ошпаз хизмат кўрсатади.

8—24 сентябрь кунлари ўзбекистонлик ҳожиларни «Ўзбекистон ҳаво йўллари» самолётларида Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Қарши, Наманган ҳамда Урганчга олиб келиш режалаштирилган.

Top