23:04 / 15.08.2017
15965

Lina: ўзи чириб йўқ бўлувчи илк автомобиль

Биологик чириндига айланиб йўқ бўлиб кетадиган материалларнинг ишлатилаётгани аллақачон янгилик эмас. Бундай материаллар атроф муҳит учун мутлақо зарарсиз эканлиги билан бир қаторда, ишлаб чиқариш жараёнларини ҳам арзонлаштиради. Биологик чириндига айланувчи материаллардан бир марталик уяли телефонлар ва шунга ўхшаш бошқа гаджетлар ҳамда бошқа буюмларни ясашда унумли фойдаланиб келинмоқда. Лекин ўзи чириб йўқ бўлувчи автомобиль — мутлақо янгилик бўлди.

Автомобилни ишлаб чиқариш учун Нидерландиянинг Эйндховен технология университети талабалари масъул бўлиб туришибди. Улар яратаётган автомобиль каноп толаси ва шакар асосидаги пластикдан тайёрланган. Бундай пластик ҳосил қилиш учун шакар қанд лавлагидан олинади.

Автомобилнинг чиримайдиган таркибий қисмлари — ғилдираклари, аккумулятор батареяси ва осмасининг айрим қисмларидир. Автомобиль Lina номини олди. Унинг оғирлиги 310 кг ва соатига 50 км тезликка эриша олиши мумкин. Унинг қопламасида ишлатилган пластик ҳар икки томонидан каноп толаси асосидаги мато билан мустаҳкамланган. Натижада ҳосил бўлган биологик чирувчи кузов мустаҳкамликда айни пайтда автомобилсозликда кенг ишлатилаётган оддий пластикдан сира қолишмайди.

Автомобиль электр двигателларининг жами қуввати 8 кВтни ташкил этади, қувватлантириш учун литий-ионли батарея ишлатилади ва 100 км йўлни қўшимча қувватлантиришсиз босиб ўтиш имконини беради.

Бир томондан, биологик жиҳатдан чирувчи материаллардан автомобиль ишлаб чиқаришда фойдаланиш ғайриоддий кўриниши мумкин, чунки автомобилларнинг айнан узоқ вақтга чидамлилиги қадрланади. Бироқ Науд ван де Жевел бошчилигидаги тадқиқотчилар гуруҳи бампер, капот, қанот каби автоҳалокатлар давомида кўпроқ талофат кўрадиган қисмлар ишлаб чиқаришда унинг кашфиёти қўл келишидан умидвор.

«Композит биологик чирувчи пластикнинг мўртлиги ва эластиклиги пастлиги билан боғлиқ бир қатор муаммолар мавжуд. Лекин бизнинг машинамиз тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, Нидерландия транспорт бошқармасининг тегишли рухсатномасини олишидан умид қилинмоқда», деди у.

Top