Жаҳон | 19:52 / 20.08.2017
9759
2 дақиқада ўқилади

Каталония ҳукумати мусулмонларни ҳақорат қилмасликка чақирди

Фото: Sputnik / Xenia Kozlitina

Каталония ҳукумати автоном жамиятда яшовчи барча мусулмонларни "жиноятчи деб атамаслик"ка чақирмоқда, мусулмон ҳамжамиятлари эса терроризмга қарши намойишлар ўтказмоқда. 

"Каталонияда мамлакатда тинч яшаб келаётган тахминан 200 минг марокашлик бор, улар шу ерда ишлаш ва ибодат қилиш баробарида мамлакат ҳаётида фаол иштирок этишади, шу боис мусулмонлар жамиятини "радикаллашувнинг қайноқ манбаси" сифатида тасаввур қилиш мутлақо адолатсиз", - деди Каталония ҳукумати раиси Карлес Пучдемон 24 Horas телеканалида узатилган конференцияда. 

Каталониянинг Mossos d'Esquadra ҳуқуқ-тартибот органи раҳбари Хосеп Луис Траперо ҳам "масжидларни жиноятлар тайёрланадиган жой дея эълон қилмаслик"ка чақириб, уларнинг одамлар ибодат қиладиган жой экани"ни айтган. 

Шунингдек у тергов ҳозирча терактни амалга оширган  ёшларнинг радикаллашуви айнан қандай кечгани ҳақида аниқ маълумот бера олмаслигини айтган. 12 нафар жиноятчининг аксарияти - марокашлик. Шуниси қизиқки, полиция бундан аввал уларнинг террорчилар билан алоқасига доир ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган. 

"Эҳтимол, на масжид, на мактаб ва на ахлоқ тузатиш муассасалари радикаллашув жойлари бўлмагандир", - деди Траперо ва ёшларнинг аксарияти бундай оқимларга ижтимоий тармоқлар орқали қўшилишини эслатиб ўтди. 

Каталониядаги терактлардан кейин у ерда аксилмусулмон кайфиятдаги бир неча ҳолат кузатилган. 18 август куни номаълум кимсалар Испаниянинг Таррагон шаҳридаги Марокаш консуллигига қизил бўёқлар сепиб кетишган. Бундан ташқари, Монбландаги масжид биноси деворларида таҳдид ва ирқчилик акс этган ёзувлар қолдирилган. Айбдорларнинг шахси ҳозирча аниқланмаган. 

Мавзуга оид