Ўзбекистон | 01:40 / 20.08.2017
14495
4 дақиқада ўқилади

Жарқўрғонда йирик корхоналар ишга тушиши режалаштирилмоқда

«Кимда қандай муаммо бор?». Сурхондарё вилоят ҳокими раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ ушбу савол билан Жарқўрғон тумани аҳолисига юзланди, деб хабар қилинади вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг Фейсбукдаги саҳифасида

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ишлаб чиқилган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишларини ҳал этиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш муҳим вазифа сифатида белгилаб берилган.

Жарқўрғон тумани аҳолисининг турмуш шароитини янада яхшилаш, хотин-қизлар, айниқса, уюшмаган ёшлар бандлиги таъминлаш, ечимини кутаётган муаммо ва масалаларни ўз вақтида ҳал этиш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан сайёр қабул ташкил этилди.

Аҳоли билан ўтказилган мулоқот жараёнида инсонларнинг дардини эшитиш, оғирини енгил қилиш, муаммо ва масалалар ечимини топишга алоҳида эътибор қаратилди. Учрашувда туман аҳолисидан жами 83 та мурожаат қабул қилинди. Уларнинг асосий қисми уй-жойга бўлган эҳтиёж, томорқаларни суғориш, ишга жойлашиш, ички йўлларни таъмирлаш каби масалалардир.

Сайёр қабулда фуқаролардан тушган мурожаатларнинг кўпчилиги маҳалла, туман миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган масалалардир. Бу борада «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг туман бўлими ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти қониқарли эмаслиги, шу боис, маҳалла фаоллари уйма-уй юриб, одамлар билан учрашиб, уларнинг муаммо ва масалаларини ҳал этиши, ёки тегишли идораларга олиб чиқиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Мулоқот жараёнида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, томорқалардан самарали фойдаланиш каби масалалар ҳам эътибор марказида бўлди. Хусусан, «Жарқўрғон парранда» МЧЖ томонидан 1,5 млн. доллар қийматидаги 1 млн. дона товуқ боқишга мўлжалланган йирик паррандачилик комплексини ишга тушириш мақсадида ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳанинг биринчи босқичи шу йилнинг сентябрь ойида, иккинчи босқичи 2018 йил 2-чоракда иш бошлаши режалаштирилган. Лойиҳа доирасида камида 120 та янги иш ўрни ташкил этилиб, кунига 600 минг дона тухум маҳсулоти қўшни давлатларга экспорт қилинади.

«Сурхонтекс» қўшма корхонасида ҳам умумий қиймати 25 млн. доллар бўлган янги лойиҳани амалга ошириш бўйича амалий ҳаракатлар бошланган. Бунинг натижасида 200 та янги иш ўрни ташкил этилади. Шунингдек, жорий йил якунига қадар Жарқўрғон туманида «Сурхонцементинвест» хорижий корхонаси томонидан умумий қиймати 46,7 млн. доллар бўлган, йилига 360 минг тонна портланд цемент ишлаб чиқариш қувватига эга заводни ишга тушириш борасида иш олиб борилмоқда. Лойиҳа тўла қувват билан иш бошлагач 450 нафар киши иш билан банд бўлади.

Жарқўрғон туманида ўтказилган халқ билан мулоқот жараёнида аҳолининг барча масала ва мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси вилоят ҳокимлигининг назоратига олинди.

Мавзуга оид