Жамият | 19:29 / 23.08.2017
10004
2 дақиқада ўқилади

Сайғоқ ва жайрон шохларининг ноқонуний олиб чиқилиши тўхтатиб қолинди

Ўзбекистон фаунасини оққуйруқ, яъни сайғоқ ҳамда жайронларсиз тасаввур қилиш қийин. Мамлакатимиз ноёб жонивор - сайғоқлар сақланиб қолган дунёнинг атиги бешта мамлакатидан бири ҳисобланади.

Саҳро кенгликларида яшашга мослашган бу жониворлар табиат инжиқликларидан эмас, балки одамзоднинг ҳакалак отган нафси туфайли қирилиб кетаётгани аянчлидир. Улар нафақат гўшти, энг аввало қимматбаҳо шохлари учун браконьерларнинг ўлжасига айланмоқда. 

Хусусан, Хитой ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари табобатида ҳозирга қадар кенг қўлланилаётгани боис сайғоқ шохлари мўмай даромад орттириш воситасига айланиб улгурган. 

Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари сайғоқ ва жайрон шохларининг ноқонуний олиб чиқилишининг олдини олишди, деб хабар бермоқда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ахборот хизмати.

“Қорақалпоғистон” темир йўл-чегара божхона пости ходимлари томонидан “Тошкент-Волгоград” йўналиши бўйича ҳараркатланаётган йўловчи поезди божхона кўригидан ўтказилганида, йўловчилардан бири фуқаро Ж.Тўхтасинов (исм-шарифлар ўзгартирилган) йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва божхона ходимларининг оғзаки сўровлари пайтида маълум қилинмаган 8 дона сайғоқ ва 4 дона жайрон шохларини яширин равишда олиб чиқишга урингани фош этилди.

Шунингдек, ушбу поезднинг яна бир йўловчиси С.Абдуқодиров ҳам 7 дона сайғоқ ва 7 дона жайрон шохларини божхона назоратидан четлаб ўтиб, олиб чиқиб кетаётган пайтда тўхтатиб қолинди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича тегишли экспертларнинг хулосасига кўра, ушбу қонунбузарликлар ортидан табиатга етказилган зарар миқдори 97 млн. сўмдан ошган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Ашёвий далил тариқасидан олинган мазкур ҳайвон шохлари эса Қорақалпоқ Давлат Ўлкашунослик музейига топширилди.

Мавзуга оид