Спорт | 16:50 / 27.08.2017
9416
4 дақиқада ўқилади

«Ливерпуль» — «Арсенал». Яна бир голлар шоуси олдидан

Фото: BBC Sports

Бугун, 27 август куни Англия премьер-лигасининг 3-тур учрашувлари доирасида «Ливерпуль» «Арсенал»ни қабул қилади. Учрашув «Энфилд»да Тошкент вақти билан 20:00да бошланади.

Бу икки жамоанинг ўйинлари ҳамиша голларга бой бўлган. Бугун Юрген Клопп ҳам, Арсен Венгер ҳам ҳужумкор ўйин услуби қўллаши аниқ.

«Ливерпуль»
Мерсисайдликлар айни вақтда Англияда энг кучли ҳужум чизиғига эга жамоалардан бири бўлиб турибди. Клоппнинг ёздаги хариди Муҳаммад Салоҳ, Фирмино, Мане ва Соланке ҳар қандай рақиб ҳимоясини босим остида ушлаб тура олади.

Клопп ўйин услубини ўзгартирмайди, бу ўйинда ҳам унинг шогирдлари қаттиқ прессинг уюштиришади. Айни вақтда бу жамоанинг ҳимояси кучсизлиги ҳақида кўп гапиришмоқда, аммо статистика бунинг аксини кўрсатади, ахир жамоа ўтган мавсумда энг кам гол ўтказган жамоалар қаторида бўлди.

Клопп шогирдлари ЕЧЛ йўлланмаси учун «Ҳоффенҳайм»га қарши ўтказган ўйинларда ҳам ҳимояда яхши ҳаракатланди.

Англия биринчилигининг янги мавсумини эса «Ливерпуль» «Уотфорд»га қарши дуранг билан бошлади — 3:3. Бу ўйинда охирги дақиқаларда ғалаба қўлдан чиқарилди. Иккинчи турда эса Клопп шогирдлари «Кристал Пэлас» билан ўйнади ва Маненинг голи эвазига ғалаба қозонди - 1:0.

«Арсенал»
Венгернинг «тўпчилари» кейинги вақтларда характер борасида муаммоларга дуч келмаяпти. Лондонликлар жамоаси янги мавсумда илк совринни қўлга киритиб бўлишган. «Канонирлар» Англия Суперкубоги учун «Челси»га қарши кечган баҳсда ҳисобда ортда қола туриб, якунда ғолиб чиқди. Англия чемпионатининг биринчи турида эса «Арсенал» «Лестер» билан ўйинда ирода кўрсатди — 4:3. Аммо лондонликлар клуби ўтган турда «Сток Сити» майдонига сафар қилиб, ўйинда устунлик кўрсатган бўлсада, омадсизликка юз тутди — 0:1.

Арсен Венгер шогирдлари ўйинларда назоратни қўлига олмоқда, рақибларга устунлик ўтишига йўл қўмаяпти, аммо вазиятлардан фойдаланишда оқсоқликка йўл қўйилмоқда. Шундай тасаввурлар туғиладики, «Арсенал»да рақибни таслим этиш режаси бўлмайди. Жамоа «тулкилар» билан ўйинда Рэмси ва Жиру майдонга тушишидан кейин уйғонганди, аммо «кулоллар» жамоаси билан ўйинда тактик ўзгаришлар фойда бермади.

Икки клубда ҳам ушбу учрашув арафасида муҳим ўйинчиларнинг жароҳат олиши каби муаммо йўқ. Аммо икки жамоада ҳам асосий етакчилар, «Ливерпуль»да Филиппе Коутиньо, «Арсенал»да Алексис Санчес охирги ўйинларда қатнашмади. Коутиньо ҳам Санчес ҳам ёзги трансферлар якунига қадар жамоадан кетиши мумкин.

«Ливерпуль» ўз уйида кучли ўйин кўрсатади ва бу жамоа 3 очкога эга чиқиши эҳтимоли юқори. Аммо мерсисайдликлар жамоасида айни вақтда тиғиз график ва бу футболчиларнинг жисмоний ҳолатига таъсир кўрсатмасдан қолмаган. ЕЧЛда қатнашмаётган «Арсенал» эса бу ўйинда аввалги учрашувлардаги хатолардан хулоса чиқарган ҳолда ҳаракатланса, кўзланган натижага эришиши мумкин.

Статистика

Жамоаларнинг охирги 8 ўйинидан 7тасида ҳар икки жамоа ҳам майдонни голсиз тарк этмаган.

«Ливерпуль» «Арсенал»га қарши ўз уйида ўтказган охирги 28 учрашувидан фақат 2тасида мағлуб бўлган.

Жамоаларнинг охирги 8 ўйинидан 7тасида камида 3та гол урилган.

Венгер жамоаси Ливерпулда охирги марта 2012 йил сентябрида ғалаба қозонган (0:2).

Тахминий таркиблар

Мавзуга оид