20:10 / 27.08.2017
6068

Техаслик жуфтлик бир ярим йилда уч марта тошқинлар сабаб тўйни бекор қилди

Фото: Jenny Swarers/Facebook

Американинг Техас штатида яшовчи севишганлар ўтган йилнинг апрелидан буён уч марта сув тошқинлари сабаб режалаштирилган тўй маросимини бекор қилишларига тўғри келди. CNN телеканали шу ҳақида хабар берди

Женни Суарес ва Дастин Морган 2016 йилнинг апрель ойидан бери тўй қилишга ҳаракат қилишади. Ёшлар мактабда ўқиб юрган кезларида танишишган ва 5 йилча аввал учраша бошлашган. Улар фотиҳадан кейин бир йил давомида ўз орзуларидек тўйни режалаштиришди, бироқ Сабин дарёсининг ўз қирғоқларидан тошиб кетиши уларнинг режаларини барбод қилди. Келиннинг сўзларига кўра, тантаналарни ўтказиш режалаштирилган жойда сув сатҳининг баландлиги деярли икки метрга етган. Жуфтлик тўйни бир йил кейинга қолдириб, уни худди шу жойда ўтказишга қарор қилган.

Иккинчи марта тўйни қолдиришга эса, ишчиларнинг ўтган сафарги сув тошқини натижасида зиён етган жойларни қайта таъмирлашга улгурмагани сабаб бўлган. 

Тўй тантаналари шанба кунга Ҳьюстонга кўчирилди. Унга 150 нафар меҳмон таклиф қилинган эди. "Харви" довули ҳақидаги хабарлардан кейин таклиф қилинганлар рўйхати дастлаб 40, кейин эса 15 кишига қисқарди. Кейинроқ эса руҳоний ҳам маросимда иштирок этишдан бош тортди. 

"Руҳоний маросимда иштирок этишдан воз кечганида унга Skype орқали қўнғироқ қилиш ҳақида ўйладик... Бироқ барибир тантанани бекор қилишимиз кераклигини билардик", - дейди Суарес. "Биз "Харви"нинг ғалабасини англаб етдик", - қўшимча қилади келин. 

Телеканалнинг хабар беришича, жуфтлик тўй қилиш учун энди Лас-Вегасга парвоз қилмоқчи. "У ерда сув тошқини хавфи йўқ", - дейди куёв.

АҚШ Довуллардан огоҳлантирувчи миллий маркази (NHC) нинг маълум қилишича, "Харви" тропик бўрон даражасида заифлашган. Синоптиклар шунингдек "фавқулодда жиддий сув тошқинлари" хавфидан огоҳлантиришмоқда. 

"Харви" сўнгги 12 йилда АҚШ ҳудудида кузатилган энг кучли довул бўлди. 

Top