Жамият | 19:05 / 28.08.2017
22537
2 дақиқада ўқилади

Мирзо Улуғбек тумани ИИБда янги лойиҳа синови йўлга қўйилди

Фото: Kun.uz

ИИВ вазири ўринбосари полковник Акромхон Бобохонов, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шерзод Қутбиев ҳамда туман ИИБ полковник Азамат Ўроқов ташаббуслари билан ички ишлар идоралари ходимларининг тунги хизматига кенг жамоатчилик вакилларини жалб қилиш синов тариқасида йўлга қўйилмоқда. 

Туман ИИБ Тергов бўлими бошлиғи подполковник Баҳром Бегалиевнинг сўзларига кўра, шу мақсадда туман Ёшлар иттифоқи етакчилари, тумандаги умумтаълим мактабларининг жисмоний тарбия ўқитувчилари тунги хизматга жалб этилди. 

26 август куни жамоатчи назорат гуруҳлари аъзолари ички ишлар ходимлари билан биргаликда тунги хизматга чиқиши муносабати ила тадбир бўлиб ўтди. 

Улар Мустақиллик байрами ва Қурбон ҳайити кунлари туман кўчаларида участка нозирлари билан ҳамкорликда тунги вақтларда навбатчилик қилишади. Тунги соат 23-00 дан сўнг, жамоатчилик вакилларига жавоб берилади. 

Туман ИИБ бошлиғининг таъкидлашича, ушбу тажриба муваффақиятли ўтса, бошқа туманларда ҳам жорий этилиши режалаштирилмоқда. 

 

Мавзуга оид