Light | 22:39 / 30.08.2017
16159
16 дақиқада ўқилади

Манҳэттеннинг асосий жумбоғи: Дональд Трампнинг ҳамёнида нималар бор?

Фото: Getty Images/ Joe McNally

1990 йилнинг 14 майида Американинг Forbes журналида Ричард Стерн ва Жон Конноли ҳаммуаллифлигида Дональд Трампнинг молиявий қийинчиликлари ҳақидаги мақола чоп этилган.

"Кўчмас мулк бозоридаги иқтисодий таназзул ва казино билан боғлиқ муаммолар Дональд Трампга икки карра зарба берди. Бундан кейин унинг шахсий капитали атиги ярим миллиардни ташкил қилиши, активлари эса  паст даражали ликвидликка эга бўлиши мумкин эди. Бу 3 миллион доллардан ортиқ қарзи бор одам учун у қадар яхши эмас.

Трампнинг қанча пули бор? Бу нафақат Трампнинг турмуш ўртоғини, балки унинг кўп сонли кредиторларини ҳам қизиқтиради. Спекуляция ва Трампнинг афсонавий шахсига бефарқ бўлмаган жамоатчилик бу сирни билишга уриниш жараёнида завқ олади. Ишончимиз комилки, унинг шахсий капитали аллақачон 3 миллиард доллардан ошган (Business Week уч йил илгари шундай маълумот берганди) ва бизнинг 1989 йилдаги ҳисоб-китобларимизга нисбатан анча камайган (Ўшанда Forbes унинг молиявий ҳолатини 1,7 миллиард долларга баҳолаган).

Forbes Трампнинг давлат органларига йўллаган ҳужжатлари билан танишишга муваффақ бўлди. Улар орасида актив ва пассивлар рўйхати билан бирга 1989 йил 31 май маълумотлари ҳам бўлган. Бироқ бу йил ҳужжатлар қаторига долзарб операциялар ҳақидаги маълумотлар ҳам қўшилган. Маълум бўлишича, қарз ва ипотекалар олиб ташланса, Дональд Трампнинг шахсий капитали 1,5 миллиард долларни ташкил қилар экан. Бироқ биз ҳақиқий рақамлар бундан йироқ деб ўйлаймиз. Нима учун? Унинг ҳатто кўчмас мулкни сотиш борасидаги ноёб истеъдодига ҳам қарамай, факт фактлигича қолади: сўнгги икки йилда деярли барча кўчмас мулклар нархи пасайди.

Трамп каби узоқни кўра билувчи киши учун бундан-да ёмони - премиум тоифали кўчмас мулк нархини оширишни тўхтатишга тўғри келишида. У бошқа бу кўчмас мулкни қайта баҳолаш ҳисобига пул ишлашга умид қила олмайди ва доим кўчмас мулк сотувларидан тушадиган даромаддан ошувчи фоизларни ёпиш учун узлуксиз харажатларни қоплаши мумкин. Бундан ташқари, Forbes Трампнинг 1989 йилги декларацияларда шахсий мулк сифатида келтирилган баъзи активлари баҳоси ўшандаёқ "ҳақиқатдан йироқ даражада оптимистик" деб ҳисоблайди.

Биз кўчмас мулк объектлари рўйхатини янгиладик ва уларнинг орасидан бозор нархи 3,7 миллиард доллардан ошмайдиганларини аниқладик, уларнинг реализацияси эса қарийб 3,2 миллиард долларлик қарз туфайли қийинлашади. Бизнинг ҳисоб-китобларимиз тўғри бўлса (биз уларни анча объектив деб ҳисоблаймиз), у ҳолда Дональд Трамп 500 миллион долларга эга бўлади. Трампнинг тасарруфида катта активлар борми? Ҳа. Улар қарзлардан ошадими? Бу бошқа савол.

Фото: Getty Images

Шуни унутмаслик лозимки, бу қарзларнинг барчасини қоплаш керак. Агар бухгалтерлик баланси кўздан кечирилмаса ва даромадга мурожаат қилинса, манзара янада хиралашади.  Трампнинг Атлантик-Ситидаги уч казиносини олайлик. Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, унинг кўчмас мулк объектлари бўйича қарзлари суммаси 1,7 миллиард долларга тенг, 180 миллион доллар миқдоридаги тўланмаган фоизлар ҳам шулар жумласидандир. Маълумотларга кўра, бу объектлардан тушган даромад, шунингдек Trump Castle ва Trump Plaza казиносининг соф даромади тахминан 140 миллион долларни ташкил қилади. Шу тариқа, Трамп ўз чўнтагидан йилига 40 миллион, ойига 3 миллион, ҳафтасига 770 минг доллар олишига тўғри келади. Унинг бахтига ҳамма фоизлар ҳам нақд пулда тўланмайди - уларнинг баъзиларини тўлаш учун ташқи маблағлар ҳам тўғри келади. Улар нақд пул харажатларини тежаши мумкин, бироқ келгусида займ талаб қилади. Зеро, Трампнинг ҳукмронлиги учун қўшимча маблағ манбаи зарур. 

Трамп яқинда Атлантик-Ситида очилган "Тож-Маҳал" меҳмонхона-казиносига катта умид қилмоқда. Унинг фикрича, янги бинонинг машҳурлиги унинг Нью-Жерсида жойлашган эски меҳмонхонасига ҳам кўплаб меҳмонларни жалб қилади.

Шунчаки тўловни қоплаш ва казинодаги 760 миллион доллар миқдоридаги қарзларини тўлаш учун у ҳар куни 1,3 миллион долларга яқин ютуқни қўлга киритиши керак бўлади. Трамп ҳаттоки шу объектга киритган 75 миллион долларни ҳам банкдан олган. Ҳар куни ўртача 1,3 миллион доллар ютиб олиш учун Трамп сўнгги йилда Атлантик-Ситидаги энг омадли казинонинг кўрчаткичларидан 40 фоизга ошувчи даромад даражасига чиқишига тўғри келади. У нафақат буни, балки яна қандайдир мажбуриятлари учун кунига юз минглаб ишлашга умид қилмоқда. "Тож" Трампнинг катта ишончини оқлайдими ёки йўқ - буни баҳолашга ҳали эрта.

Фото: Getty Images/Mark Peterson 

Ўқувчи сўраши мумкин: унинг активлари пассивларидан 500 миллион долларга кўп бўлса, нима учун улар фоизлар тўлови учун керагидан кам фойда келтиради? Бу саволга жавоб бериш учун Трампга тегишли Манҳэттендаги Trump Plaza меҳмонхонасини кўриб чиқиш керак. Маълумотларга кўра, унинг хариди учун Трамп 407 миллион доллар сарфлаган, таъмирлаш ишларига эса - камида 25 миллион доллар. У бу сумманинг барчасини кредитга олган ва, албатта, 10 фоиздан кам бўлмаган ставкада. Бироқ биз унинг бугунги кун ҳолатига кўра максимал даромадини баҳолаймиз - йилига 26 миллион доллар - бу сарфланган сумманинг атиги 6 фоизи.

Шу тариқа у атиги 6 фоизга қопланувчи 10 фоиз ставкали кредитни расмийлаштирди. Кўчмас мулк сотувчилари ҳар қандай даромадни компенсация қилувчи капитал баҳосининг ошишига умид қилганда шундай қилишади, аммо ҳозир, инқироз даврида бунга умид қилиб бўлмайди. Агар Трамп кўчмас мулкни нақд пулга харид қилаётган улгуржи савдогар бўлганида эди, у бу меҳмонхонани хотиржам сотиб олган бўларди, лекин у ташқи молиялаштириш манбаларига эга харидор сифатида ўз нақдини йўқотади.

 

Бойлик сари йўл

Дональд Трамп бойлик сари илдам қадамларини кўчмас мулк нархлари барқарор ўсиб бораётган 1970-йилларнинг охирида бошлаган ва уларнинг ўсиши ҳали тўхтамаган пайтда муваффақиятга эришган.

Кўчмас мулк Трампнинг аксарият мулки каби нуфузли бўлса, у ҳолда нархнинг барқарор ошишига умид қилиш мумкин бўларди. Даромадга асосланиб, фоиз тўловларини қоплашнинг уддасидан чиқилмадими? Бу муҳим эмас, кўчмас мулк баҳоси ошган ва нақд харажатларни қоплаш учун маблағларнинг муайян қисмини жалб қилиш мумкин эди. Ҳатто кредитни расмийлаштириб, кейинги объект хариди учун биринчи тўловни киритиш мумкин эди. Ёки Япониядан харидор топиш. Бироқ бу камдан-кам рўй берадиган ҳолат, бу вақт эса капитал қийматининг ошиши тўхтаган.

Фото: Getty Images/ Ernst Haas

Дональд Трампни зиёрат қилиб, ундан ўз даромадларининг ошириб кўрсатилганига изоҳ беришни сўраш вақти келди. Бироқ Трамп ҳимояланишни бошлайдиганлардан эмас. Унинг Манҳэттендаги Trump Tower идорасининг 26-қаватидаги хонасига кириб борар эканмиз, у дарҳол ҳужумга ўтди: "Мен сизларга ҳали ҳеч ким билмаган кўрсаткичларни очаман". Бизнинг 140 миллион доллар миқдоридаги ҳисоб-китобларимиздан фарқли ўлароқ, сўнгги йил учун 159 миллион доллар миқдоридаги даромад суммаси кўрсатилган ҳужжат билан танишамиз. Шундан кейин у бизга юқори даромад даражасидан гувоҳ берувчи кўпроқ рақамларни кўрсатади, бироқ саҳифани бизга кейинги устун кўринмайдиган қилиб тутиб турарди. "Уни ўзимиз билан олиб кетишимиз мумкинми?" - "Йўқ". Трамп хонада мағрур ҳаракатланиб, Forbes'нинг ўтган йилги ҳисоб-китобларига кўра, унинг 1,7 миллиард доллардан кўпроқ  нақд пули борлигини таъкидлайди. "Қанча?" - "Тўрт ёки беш миллиард доллар". - "Пассивларга нима бўлди?" - "Мен доим далилларни келтираман". 

Барчасини янада батафсил кўриб чиқамиз. Forbes ҳисоб-китобларига кўра, Манҳэттеннинг бизнес ва савдо туманида жойлашган Трампга тегишли жаҳон тоифасидаги Trump Plaza меҳмонхонаси 400 миллион долларга баҳоланиши мумкин. Фақат бир шарт билан - корхонанинг ҳақиқатдан йироқ бўлган юқори нарх кўрсаткичини соф даромад сифатида қайд этамиз. Бозорда баҳоси даромаддан 15 карра қиммат бўлган кўчмас мулк объектлари борми? Бугунга келиб стандарт меҳмонхоналар кўпи билан даромаддан 10 карра ошиши мумкин, жаҳон тоифасидаги объектлар эса - 13 карра. Трамп ажойиб эски меҳмонхонани кўчмас мулк бозорида деярли максимал нархлар ҳукмрон бўлган даврда сотиб олган. Нима учун Басс Групп ҳашаматли меҳмонхонани сотган? Ишончли манбаларга кўра, Трамп унинг эгаларига воз кечиб бўлмайдиган нархни таклиф этган.

Трампнинг ишончи комил - икки йил олдин уни қўлга киритганидан буён меҳмонхонанинг нархи анча ошган. Унинг таъкидлашича, апрель ойида Бруней султони унинг хариди учун 750 миллион доллар таклиф қилган, Трамп эса бу таклифга рози бўлмаган. Бироқ гап бу ҳақида эмас - далиллар биз берган 400 миллион доллар ҳам чакки нарх эмаслигига гувоҳлик бермоқда.

Апрель ойида Forbes'га берган интервьюсида Трамп Бостон-Нью-Йорк-Вашингтон рейсини амалга оширувчи "Трамп Шаттл" авиакомпаниясини 550 миллион долларга сотиши мумкинлигини айтган. Трамп компанияга 400 миллион доллар киритган. Авиаташувчилар бозорида тахмин қилинишича, "Трамп Шаттл" 180 миллион долларлик йиллик даромад келтиради.

Фото: Getty Images/ Joe McNally

Трампнинг таъкидлашича, у кўп қаватли турар-жойлар сотувидан йилига 157 миллион доллар олади. Унинг ўз капитали борасидаги қасамларига кўра, у ўзининг соҳадаги лойиҳаларини, қарзларни ҳисобга олганда, 230 миллион долларга баҳолаши мумкин эди. Бироқ, Forbes'нинг ҳисоб-китобларига кўра, бундай лойиҳаларнинг жорий бозор нархи 100 миллион доллардан ошмайди - Нью-Йорк ва Флоридадаги кўп қаватли уйлар ҳозир у қадар талабгор эмас.

Ҳойнаҳой, Трампнинг шахсий маблағларига оид баёнотларидаги энг заиф нуқтаси - Манҳэттендаги Юқори Вест-Сайд. У ўзига тегишли ва ҳозирда фойдаланилмаётган 100 акрли темирйўл савдо станцияси ҳудудига 650 миллион доллар нарх белгилади. 1985 йилда Трамп уни 110 миллион долларга харид қилган ва ҳануз уни ривожлантириш билан шуғулланмаган. Вест-Сайднинг бадавлат аҳолиси Трампга ва ўзгаришларга қарши. Шунинг учун бу кўчмас мулкдан ҳеч қандай фойда йўқ. Бир ярим йил аввал Трамп ва қурувчи Уильям Цекендорф ўртасида ҳудуд хариди борасида музокаралар бўлиб ўтган. Бироқ Цекендорф ҳеч қачон нархни ошириб кўрсатмаганини айтган. Forbes'нинг деярли барча экспертлари у билан суҳбат чоғида 650 миллион доллар - ўйлаб топилган нарх эканини ҳис қилишди. Реал бозор нархи - 650 миллион эмас, 200 миллион долларга яқин.

Трамп Forbes'га берган сўнгги интервьюсида ўтган ноябрдаги каби, Alexander’s компаниясининг 159 миллион долларлик акциялари ва муниципиал облигациялари унга тегишли эканини айтган ва бу сумма қарзларни тўлашга сарфланмайди. Бироқ очиқ маълумотлар Трампнинг қиймати 65 миллион долларлик (Трамп белгилаганидан 5 миллион долларга кам) Alexander’s акцияларини қўлга киритиш учун фаол қарз олганидан далолат бермоқда.

Икки йил аввал Трамп Forbes журналига ўзининг шахсий қароргоҳлари рўйхатини тақдим этган. Асл ҳужжатларга мувофиқ, унинг барча қароргоҳларининг умумий нархи 30 миллион долларни ташкил қилади, улар бўйича қарзлари эса - 40 миллион доллар.

 

Олтин конми ёки жарлик?

"Тож Маҳал" Трамп учун олтин кони ёки чуқур жарлик бўлиши мумкин эди. Шаҳарнинг ўйинларда фаоллигини 18 фоизга оширган "Тож" очилгунига қадар бошқа 11 казино шаҳар-курортдаги фаоллиги билан танилганди, улардан иккитаси Трампнинг ўзига тегишли эди. Шунинг учун у "Тож" янги аудиторияни жалб қилишига умид қилган.

"Тож-Маҳал" 5 апрелда очилган ва шу куни унга жуда кўп одамлар ташриф буюрган - бу кўп нарса ваъда қилади, бироқ аниқ бир хулоса чиқаришга ҳали эрта. Табиийки, Трамп ҳаяжонда ва меҳмонхона истиқболига доир ҳар қандай саволни кескин қабул қилмоқда.

Очилишга бир неча кун қолганда Трамп Филадельфияда асос солинган Janney Montgomery Scott & Co компанияси раҳбариятини қўрқитиб юборди - шу даражадаки, ўйин таҳлилчиси Мартин Рофманни истеъфога чиқаришга тўғри келди. У Трампнинг эксперт гувоҳи сифатида мухбирларга унинг баҳоларига кўра, "Тож" Трампга меҳмонхона харажатлари учун зарур бўлган 1,3 миллион доллар ҳажмдаги кундалик ютуққа эриша олмаслигини айтган.

Энди эса Рофманнинг ҳисоб-китобларини шунчаки инкор этиб бўлмайди. "Тож-Маҳал"да 7000 киши ишлайди, бу катта харажатлар дегани. Уларга йилига 100 миллион долларлик суммадаги фоизлар тўловини қўшиш керак - кунига 275 000 доллар.

Агар меҳмонхона ҳақиқатан муваффақиятли фаолият юритса, у Трампнинг тўлов қобилиятини таъминлашда муҳим бўлган Атлантик-Ситидаги икки бошқа казиносининг машҳурлигини камайтиради. Меҳмонхона фаолиятининг илк уч ҳафтасида Trump Plaza казиноси ютуқлари 12,3 фоизга камайди, Trump Castle ютуқлари эса – 1,7 фоизга. Бу орада эса ушбу меҳмонхона-казиноларнинг қарзи 683 миллион долларни ташкил қилмоқда. Trump Plaza реал етакчи ҳисобланади, ўтган йили унинг даромади 24 миллион долларни ташкил қилган. Бу эса Трамп империясидаги бошқа камчиликларни қоплаш учун анчагача етиши мумкин эди.

Фото: Getty Images/ Visions of America

Атлантик-Ситида жойлашган яна бир Trump Castle меҳмонхонаси Трамп учун нисбатан камроқ ютуқ келтиради. Ўтган йили меҳмонхона 7 миллион доллар "минус"га кириб кетганди.

Ўтган йили Трамп Castle'га 5 миллион доллар киритишига тўғри келди. Меҳмонхонанинг 1989 йилдаги молиявий йўқотишларини Трамп ўйинчилар оқимини тўхтатиб қўйган таъмирлаш ишлари билан оқламоқда. Бироқ Комиссиянинг қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича ҳужжатлари 1990 йилда Trump Castle'га харажатларни қоплаш учун қўшимча сармоя талаб қилинганидан далолат бермоқда.

Дональд Трамп — фантастик равишда рекорд ютуқларни қўлга киритишга муваффақ бўлувчи ўйинчи. Ҳозир у Атлантик-Ситига ставка қилишга қарор қилди. Агар "Тож" ўзини дунёдаги энг муваффақиятли казино сифатида намоён қилса, эҳтимол, у вайрон бўлиб бораётган кўчмас мулк бозорининг ҳар қандай бўронларига дош бера олар ва миллиардлаб қарзларини қоплашнинг уддасидан чиқар. Балки Трамп биржадаги нархларнинг ўзгаришига умид қилаётгандир, шунда у етакчи "Тож-Маҳал" ва бошқа казинолар капиталидаги кичик улушини сотувга қўйиш имконини беради. Шундан кейин у империянинг қолган қисмининг ликвидлигини қайта тиклаш учун даромаддан фойдалана олади. Бироқ буларнинг бари - "Тож"нинг улкан даромади ва янги таклифлар учун очиқ фонд биржаси - ҳали келганича йўқ. Бир кун келиб Дональд Трамп ортга қараганда, эҳтимол, 1990 йилни ҳаётидаги энг қийин йил сифатида эслаб қолар".

Мавзуга оид