16:39 / 01.09.2017
14389

Шум ниятли йигитлар

Ўқув даргоҳини тамомламаган Азизжон Алимжонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) тенгдошлари қатори тадбиркор бўлиш ўрнига, мудҳиш “бизнес” қилишни ўйлаб қолади. Ўзига коллеждаги дўстлари Қосим Анваров, Муҳаммад Нуриддинов, Антон Андреев ва Исмоил Давлатхўжаевни шерик қилди. Бу шахс йигитлар билан “режа” тузди. Унга асосий жиноий гуруҳ аъзолари юртимиздаги реклама билан шуғулланувчи интернет-сайтлар орқали Икром Муроджоновни топишади, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Икром “ишбилармон” йигитларнинг шум ниятларидан хабари йўқ эди. У интернет-сайтида ўзига тегишли “TOSHIBA” ва “DELL” русумли ноутбукларни сотиш учун эълон берганди. 2016 йилнинг 28 декабрь куни Азизжон Алимжонов ноутбук сотиб олмоқчи бўлгандек Икромга қўнғироқ қилди.

-  Узр, эълон бўйича қўнғироқ қилиб турибман. Ноутбукингизни кўрсам бўладими? Бугун кўришсак, нима дейсиз?

-  Яхши. Соат 20:00ларга Бобур паркида. Бўладими?

-  Маъқул...

Учрашув учрашуви вақти ва жойини бегилаб олишади. “Ишбилармон”лар эса ғаразли “режа”ларини тузишди. Икром келишилган вақтда Бобур паркининг ёнига келиб турди. Азизжон эса шериклари билан учрашув вақтидан олдинроқ келиб, парк атрофида айланиб юришади.

Икромни кўриб, Азизжон ҳам унинг олдига келди. Улар ўзаро суҳбатлашишди. Шу аснода Азизжон ноутбукларни кўриб, Икромга юзланди.

-  Ака, қарши бўлмасангиз, ноутбукни ота-онамга ҳам кўрсатишим керак эди. Мен билан Ракат маҳаллага борсангиз, ота-онамдан пулни олиб бераман. Майлими?!

Икром у айтган маҳалла учрашув жойидан унча узоқ бўлмаганлиги сабабли рози бўлди. Аммо бу тузоқ эканлигидан бехабар эди. Улар таксига ўтириб, кўп қаватли уйларнинг хилватроқ ҳовлисига келишди. Гуруҳнинг қолган йигитлари эса аллақачон бу ерга етиб келишганди. Азизжон билан Икром таксидан тушишди. Такси кетган заҳоти йигитлар Икромнинг қўлидаги ноутбукларини тортиб олиб, унинг дуч келган жойига таёқ билан ура бошлашди. Ваҳшийларча калтакланган Икром воқеа жойида ҳушидан кетди.

Йигитлар жиноят ортидан топилган “TOSHIBA” ва “DELL” русумли ноутбукларни шу куннинг ўзидаёқ 800 АҚШ долларига фуқаро Баҳром Қодировга сотиб юборишди.

Икромнинг беҳуш ётганини кўрган фуқаролардан бири дарҳол ички ишлар идорасига ва “Тез тиббий ёрдам”га қўнғироқ қилади. Шифокорларнинг ўз вақтида кўрсатган тиббий ёрдами туфайли Икром Муроджоновнинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимаган, бундай қилмишлар учун жавобгарлик муқаррар эканлигини унутган А.Алимжонов, Қ.Анваров, М.Нуриддинов, А.Андреев ва И.Давлатхўжаевга жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг ҳукми билан тегишли жазо тайинланди. 

Top