Спорт | 13:30 / 03.09.2017
40808
9 дақиқада ўқилади

«Барселона» трансфер сиёсатидаги 4 хато

Фото: Барселона матбуот хизмати

«Барселона» ёзги трансферларда инқирозли ҳолатга тушди. Жамоани асосий етакчилардан бири Неймар тарк этди, унинг ўрни тўлдирилмади, раҳбариятнинг қарорларидан норози бўлган бошқа етакчи футболчилар, Лионель Месси ва Андрес Иньеста ҳам кетиш тараддудига тушишган. Жамоа мухлислари эса раҳбариятдан, айниқса, Бартомеуга норозилик билдириб, унга қарши петиция бошлаган.

НЕЙМАРНИНГ КЕТИШИ

Шартномасига «атиги» 222 миллион товон пули ёзилган юлдуз футболчига бўлган муносабатнинг шунга мос бўлмагани муаммони келтириб чиқарди. «Барселона» бу пулга бошқа Неймарни сотиб ололмайди. Клубнинг ушбу трансферга бўлган қараши, ўзини тутишидан бемалол билиш мумкинки, каталонияликлар Неймарни қўйиб юборишни асло исташмаган. 

«Барселона» футболчи билан музокаралар олиб бориши, янги шартнома тузиши мумкин эди. Неймарнинг фонида «Реал»нинг Гарет Бэйлни қандай қилиб ҳали ҳам ушлаб тура олаётганига таҳсинлар ўқиш мумкин. (Бэйл худди Неймар каби, бошқа юлдузлар соясида қоляпти, бунинг устига Мадридда унга нисбатан салбий муносабатлар жуда кўп, Бэйлда захирада ўтириб қолиш хавфи бор - аммо барибир «Реал» уни жамоада қолишга кўндиришнинг уддасидан чиқа оляпти).

Ёки вазият қўлга олиниши ва ушбу трансфер ёрдамида фойдали келишувларга эришиш мумкин эди. Масалан, Марко Вератти. «Барселона» ушбу футболчига анчадан бери қизиқиб келади. Уни ёки Ди Марияни, балки икковини Неймарнинг трансферига жалб этиб, клуб бу трансфердан юта оларди. Шунчаки, Неймарни бироз сабр қилишга ундаш ва вазият ҳокимига айланиб, ўз манфаатларини илгари суриш лозим эди холос. Ёки трансфернинг эълон қилинишини кечиктириш орқали, Неймарнинг ўрнини босадиган номзодлар трансфери устида ишлаш учун вақт қўлга киритиш ҳам мумкин эди. Неймар кетиб бўлгач, клубда катта пул борлигини ва Неймарнинг ўрнига барибир футболчи сотиб олишга мажбур эканини билган ҳолда, клублар жуда катта нархлар қўя бошлашди. 

Қайсидир паллада клуб вазиятни қўлдан чиқарди ва фақат пул билан қолиб кетди. Бу воқеа клубнинг имижига таъсир кўрсатди ва ожиз бошқарув сифатида футбол оламида намоён бўлди. «Барселона»га ўтишни истаётган Вераттининг Парижда қолишга қарор бериши ҳам айнан Неймарнинг трансферидаги томонларнинг амбицияси аҳамият касб этди. Қайсидир нуқтада Париж клуби «Барселона»дан қудратлироқ кўриниб қолгандек эди гўё... 

ТОР ДОИРА БИЛАН ЧЕКЛАНИШ

Клуб Неймарнинг кетиши ҳамоно, ўз мақсадини ошкор қилди - Усмон Дембеле ва Филип Коутиньо. Дембеленинг трансфери бир ойга чўзилди, Коутиньо эса, оқибатда «Ливерпуль»да қоладиган бўлди. 

Биласизми, бундай узоқ музокарали трансферларни кўп кузатамиз. Фарқ шундаки, аксарият ҳолларда ҳар икки клуб бир бири томон қадам ташлаган, фақат нархларни келишиш қолган бўлади холос. Бир тараф нархни тушириш, иккинчи тараф эса, ўз истаганини олиш учун баъзида вақтни чўзишади. Бэйл трансферини эсласак, икки ойга чўзилганди. «Тоттенҳэм» футболчини сотишга рози бўлган ва ўз нархини қўйган. «Реал» уэльслик футболчи билан келишиб олган бўлса-да, сўнгги кунни, футболчининг нархи пасайишини кутди. Инглизлар Бэйл ўрнини тўлдириш учун ўйинчилар сотиб олишда, «Реал» эса Бэйлга йўл очиш учун футболчиларни сотишда давом этаверди. Зиддият фақат пулнинг қанчалигида қолган эди холос, жудаям «пожар» бўлиб қолганда, томонлардан бири ўша маълум суммага рози бўлиши мумкинлигидан хотиржамлик ҳукм сурарди. 

Мана шу тарафдан Коутиньонинг ҳам, Дембеленинг ҳам трансфери хавфли эди - яъни сотувчи клублар «Барселона» томон қадам ташламагандилар. Сотишни истамаётгандилар. Коутиньо билан бўлганидек, сўнгги дақиқада вазият тескари кетиб қолиш эътимоли сақланиб қолаётганди. 

«Барселона» бу факторни эътиборга қолган ҳолда, фақат мана шу икки футболчи билан чекланмасдан, бир неча йўналишда иш олиб бориши мақсадга мувофиқ эди. Эден Азар, Давид Силва, Анхел Ди Мария, Месут Ўзил ёки яна бошқа футболчилар устида ҳам ишлашга ким халақит берди? Санчесни Венгер рақобатчи клубларга беришни истамагани учун олиб қолдилар, у ҳам бемалол «Барселона»га қўйиб юборилиши мумкин бўлган, менимча. Сўнгги куни «Барселона» харидор бўлган Томас Лемар учун бир ой олдин 50-60 миллион устида савдолашилгани эсингиздадир? Фақат Бакойоконинг сотилиши «Монако»нинг футболчини сотиш фикридан қайтарди ва нарх ошиб кетди. Яъни, «Барселона» ўз вақтида бошқа вариантлар устида ҳам ишлаши тақозо этиларди. 

МУЗОКАРАЛАРДАГИ НЎНОҚЛИК

Инглиз клублари, «Бавария» ва «ПСЖ» сўнгги йилларда бир қатор йирик трансферларни амалга оширдилар. Ўша трансферларга эътибор беринг - аксарият ҳолларда, ҳар томонлар бундай рози, келишувлар ижобий руҳда амалга оширилган. 

«Барселона»нинг ушбу даричадаги барча нишонлари - Коутиньо, Дембеле ва Вератти жанжалли тус олганига алоҳида эътибор қаратиш мумкин. Буларнинг барчасида қандайдир жанжалли ҳолат юзага келди. Қарши клуб билан самимий музокаралар столига ўтириш, керак бўлганда, клубнинг буюклиги ва бадавлатлигини илгари сурган ҳолда, ташаббусга эришиш ва тезда ҳал қилиш мумкин бўлган вазиятларда ҳам, агентлар билан яширин келишувлар, футболчиларни ўз клубига қарши қўйиш каби нотўғри усуллар қўлланди. Бу эса, футболчига эгалик қилаётган клубларнинг бадтар жаҳлини чиқарди ва футболчини сотмасликни принципиал аҳамиятга олиб чиқди. Нормал музокараларда Коутиньо ҳам, Вератти ҳам бемалол «Барселона» либосини кийишлари мумкин эди, назаримда.  

ОРТИҚЧА ФУТБОЛЧИЛАР

Неймарнинг ўрнига футболчи олиб келиш мана шундай шошилинч кўриниш олганинининг сабаби бор. «Барселона» сўнгги йилларда дунёдаги энг кучли тўрт ҳужумчидан учтасинининг эгаси экани, қайсидир маънода жамоа зарарига ҳам ишлади. Мана шу йилларда келажаги порлоқ бўлган ёш юлдузларни клубга олиб келиш қийинлашиб кетди. Сабаби футболчилар барибир «Барселона»да асосий таркиб учун курашиш имконсиз эканини билиб туришарди. (Мисол учун, ўша Усмон Дембеле билан ҳам клуб қизиққан, аммо Дембеле «Боруссия»ни танлаб, бир йил олдин атиги 15 миллионга немис клубига ўтган)

Натижада, клуб сўнгги 3 йилдаги трансферлар билан мақтана олмайди. Менимча, «План Б» учун захирада ўтиришга рози бўладиган ўртача, амбицияси пастроқ футболчиларни йиғиш ўрнига, қисқа муддатли лойиҳаларга қўл урилса бўларди. Марио Гомес, Робин ван Перси, Златан Ибраҳимович ва бошқа бир нечта вариантлар борки, юлдуз мақомидаги тажрибали футболчилар қисқа муддатли шартномалар билан келиб, жамоанинг аниқ муаммосини еча олишар, захирада ўтиришга ҳам рози бўлишар эди. Ўз вақтида «Барселона» бундай ечимларга кўп бор мурожаат қилган - Хенрик Ларссон ёки Тьерри Анрини эсланг.  

Ҳозирда Пабло Алкасер, Арда Турон, Томас Фермален, Денис Суарес, Андре Гомиш каби нотўғри бўлиб чиққан трансфер қурбонлари кўп. Бу вазиятда нафақат футболчилар, клубнинг ўзи ҳам «қурбон» бўлиб қолмоқда. Афсуски, клуб бу йўналишда ҳам кўнгилдагидек иш олиб боролмади ва ортиқча футболчиларнинг ҳеч бўлмаса, ижара шартномалари асосида қутулишнинг уддасидан чиқа олмаяпти. Бу ҳам клубда ортиқча «багаж»га айланиб қолаётгани, трансфер сиёсатини чалғитаётгани табиий ҳол.   

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид