Ўзбекистон | 23:30 / 04.09.2017
119846
3 дақиқада ўқилади

Марказий банк сўм девальвацияси бўйича расмий баёнот берди

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг бугун юз берган сўм девальвацияси бўйича расмий баёноти эълон қилинди.

Бугун, 4 сентябрь куни Ўзбекистон Марказий банки расмий сайтида АҚШ доллари ва бошқа хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматларини эълон қилди. Унга кўра, 5 сентябрдан эътиборан Ўзбекистонда долларнинг расмий курси 8100 сўмга тенг бўлиши белгиланди. Яъни, долларнинг расмий курси бир ҳафта илгарига нисбатан 3889 сўм 65 тийинга ошди.

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги ПФ-5177-сонли «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига асосан валюта бозорини янада либераллаштириш соҳасидаги давлат иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – миллий валютанинг чет эл валютасига нисбатан курсини ўрнатишда фақатгина бозор механизмларини қўллашдан иборатдир.

2003-2017 йилларда курсни шакллантирувчи омиллар динамикасининг таҳлили асосида, шунингдек банклар томонидан импортёр корхоналарга шартномавий курс бўйича чет эл валютасини сотишнинг синов савдолари натижаларини инобатга олган ҳолда, бугунги кунда валюта курсининг мувозанат даражаси ҳисоб-китобларга кўра, 1 АҚШ доллари учун 8000-8150 сўмни ташкил этмоқда.

Шу муносабат билан, Марказий банкнинг валюта курси 2017 йилнинг 5 сентябридан бошлаб 1 АҚШ доллари учун 8100 сўм даражасида ўрнатилмоқда.

Марказий банкнинг курси, аввалгидек, ҳар душанба куни ўтган ҳафта давомида валюта биржасида ўтказилган савдоларда қайд этилган курсларнинг ўртача қиймати даражасида белгиланади ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бухгалтерия ҳисоби, статистика ҳисоботи ҳамда бошқа ҳисобот мақсадлари учун, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида божхона ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун ишлатилади.

Чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш бўйича банклараро савдо сессиялари Ўзбекистон Республикаси валюта биржасида ҳар куни ўтказилиб, бунда валюта курси чет эл валютасига бўлган талаб ва таклифнинг жорий нисбати асосида аниқланади ҳамда валюта биржасининг сайтида эълон қилиб борилади», — дейилади МБ хабарида.

Мавзуга оид