Mission: Impossible. Терма жамоамиз ўз тарихида қандай синовлардан ўтган?
Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритиш учун эртага терма жамоамиз Жанубий Корея устидан ғалаба қозониши шарт. Хўш, бу терма жамоамиз учун қай даражада қийин вазифа? Умуман вакилларимиз одатда бундай синовларда ўзларини кўрсата олганми?
Гуруҳ ўйинлари аксарият ҳолларда, бутун цикл давомида барқарор ўйнаш ва кўпроқ очко тўплашни талаб қилса-да, шундай ҳоллар бўладики, сўнгги тур олдидан аниқ бир натижани қўлга киритиш учун бор имкониятни ишга солишга тўғри келади. Бу баъзида плей-офф ёки финал ўйинларидан ҳам қийин, сабаби, бу ҳолатларда рақибларнинг вазифаси фарқлироқ бўлиши, баъзида уларни дуранг ҳам қониқтириб қолиши мумкин.
Шу сабабли, қуйида йиғилган 10талик фақат гуруҳ форматидаги ўйинлардан тузилган. Бу ўйинларнинг ҳар бирида терма жамоамиздан ўзига яраша ирода, куч, ишонч талаб этилган. Баъзида бу синовлардан муваффақиятли ўтилган, баъзида эса йўқ.
СУРИЯ – ЎЗБЕКИСТОН
Қачон: Осиё кубоги – 1996, гуруҳ босқичи
Керакли натижа: Камида дуранг
Якун: Мағлубият 1:2 (гуруҳда қолиб кетилган)
Терма жамоамиз ўз тарихидаги илк Осиё кубогини Хитой устидан ғалаба билан бошлаганди. Сўнгги тур олдидан, Ўзбекистон гуруҳда 2-ўринни эгаллаб турар, аутсайдер саналган Сурия билан дуранг бизни қаноатлантирар эди. Аммо ўйин тугашига 15 дақиқа қолганида Нодир Жаҳодар сурияликларни олдинга олиб чиқади. Лебедевнинг майдондан четлаштирилиши эса, вазифамизни қийинлаштирди – ҳисобни тенглаштиришни уддалай олмадик. Терма жамоа гуруҳда сўнгги ўринни олиб, турнирни тарк этишга мажбур бўлди.
БАА – ЎЗБЕКИСТОН
Қачон: Осиё кубоги – 2000, саралаш гуруҳи
Керакли натижа: Камида дуранг
Якун: Ғалаба – 1:0 (финал босқичига йўлланма)
Кейинги Осиё кубоги саралаш ўйинлари БААда ташкил қилинди. Терма жамоамиз Ҳиндистон, Бангладеш, Шри-Ланка каби терма жамоалар устидан ғалаба қозониб, тўплар нисбатига кўра мезбонлардан олдинга чиқиб олди. Сўнгги турда БААга қарши дуранг натижа бизга Ливан йўлланмасини тақдим этарди. Мезбонлар бор кучлари билан ғалаба учун ҳаракат қилган бўлишса-да, дарвозамиз дахлсиз қолди. Бунинг устига, қарши ҳужумда Қосимовнинг етказиб берган тўпини Максим Шацких араблар дарвозасига аниқ йўллаб, ғалаба олиб келди.
САУДИЯ АРАБИСТОНИ – ЎЗБЕКИСТОН
Қачон: Осиё кубоги – 2000, гуруҳ босқичи
Керакли натижа: Фақат ғалаба
Якун: Мағлубият – 0:5 (гуруҳда қолиб кетилган)
Тарихдаги энг шармандали турнир. Япониядан 1:8 ҳисобида мағлубиятга учраган бўлсак-да, Қатар билан ўйинда қўлга киритилган очко бизга сўнгги тур олдидан имкониятимизни сақлаб турарди. Саудияликлар устидан ғалаба терма жамоамизга чорак финал эшикларини очарди. Аммо...
Ўша турнирга бўлган муносабат шу даражада бўлган экан-ки, бош мураббий Юрий Саркисян Шацкихдан ҳеч бўлмаса мана шу ўйинда майдонга тушишини сўраган, агар ғалаба қозонилса, Украинага кетишига ижозат беришини айтган экан.
ЎЗБЕКИСТОН – ХИТОЙ
Қачон: ЖЧ-2002 саралаш. 4-босқич, сўнгги тур
Керакли натижа: Фақат ғалаба
Якун: Ғалаба – 1:0 (гуруҳда қолиб кетилган)
Бу ўйинда талаб этиладиган ғалаба қўлга киритилган бўлса-да, барибир якуний мақсадга етилмаган. Чунки параллел ўтаётган Уммон – БАА учрашувида уммонликларнинг ғалабасидан ҳам умид қилаётгандик. Аммо ўша учрашув 2:2 ҳисобида якунланди ва терма жамоамиз плей-офф йўлланмасини қўлга кирита олмади.
ИРОҚ – ЎЗБЕКИСТОН
Қачон: ЖЧ-2006 саралаш, 3-босқич, гуруҳ
Керакли натижа: Камида дуранг
Якун: Ғалаба – 2:1 (4-босқичга чиқилган)
Гуруҳнинг илк ўйини Тошкентда Ироққа қарши бўлиб ўтган ва терма жамоамиз сўнгги дақиқаларда аранг ҳисобни тенглаштириб, дурангга эришганди. Яхшиямки, Фаластин билан ўйинларда ироқликлар очко йўқотдилар ва энди, сафардаги учрашувда бизни дуранг ҳам қониқтирарди.
Максим Шацкихнинг икки голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олдик ва якунда ғалаба қозониб, сўнгги босқич йўлланмасини қўлга киритдик.
ЎЗБЕКИСТОН – КУВАЙТ
Қачон: ЖЧ-2006 саралаш. 4-босқич, сўнгги тур
Керакли натижа: Фақат ғалаба
Якун: Ғалаба - 3:2 (плей-офф босқичи йўлланмаси қўлга киритилган)
Кувайтликлар 4 очко билан учинчи, Ўзбекистон эса, 2 очко билан гуруҳда тўртинчи ўринни эгаллаб турганди. Плей-офф йўлланмасини қўлга киритиш учун Тошкентдаги ўйинда терма жамоамиздан фақат ғалаба талаб этиларди.
Ўйин бошларидаёқ меҳмонлар икки гол уриб, вазифани янада қийинлаштириб юборишди. Аммо бўлим охирларида пенальтидан ҳисобни қисқартирган футболчиларимиз, иккинчи бўлимда яна 2 гол уришни уддаладилар. Максим Шацких ва Анвар Солиевнинг бош билан берган зарбалари аниқ чиққанди.
Афсуски, плей-оффда омадимиз келмади, Баҳрайн терма жамоаси билан қайд этилган икки дуранг сафарда гол уришнинг уддасидан чиққан рақибларимизга қўл келди.
ЎЗБЕКИСТОН – ХИТОЙ
Қачон: Осиё кубоги-2007, гуруҳ босқичи, сўнгги тур
Керакли натижа: Фақат ғалаба
Якун: Ғалаба – 3:0 (чорак финалга чиқилган)
Эрон, Малайзия, Ўзбекистон ва Хитойдан ташкил топган гуруҳ. Хитойликлар 1-турда Малайзияни 5:1 ҳисобида енгди. Ўзбекистон Эронга мағлуб бўлди. Кейин эса юртдошларимиз Малайзия дарвозасига жавобсиз 5 гол уришди. Яъни, агар Эрон Хитойни ютадиган бўлса, сўнгги турда дуранг учун ҳам замин тайёрлаб қўйгандик.
Аммо Эрон ва Хитой дуранг қайд этгач, охирги турда хитойликларни ютишимиз шарт эди. Анча асабий ўтган ўйиннинг сўнгги чорагидагина Шацких ҳисобни очди. Ўйин охирларида эса, икки стандарт вазиятдан сўнг, Кападзе ва Гейрих ҳисобни йирик кўринишга олиб келдилар ва терма жамоамиз чорак финалга чиқди.
БАҲРАЙН – ЎЗБЕКИСТОН
Қачон: ЖЧ-2010 саралаш, 4-босқич, гуруҳ
Керакли натижа: Фақат ғалаба
Якун: Мағлубият - 0:1 (гуруҳда қолиб кетилган)
Сўнгги тур олдидан Баҳрайн 7, терма жамоамиз эса, 4 очкога эга эди. Баҳрайнда бўлиб ўтган бу ўйинда ғалаба қозона олсак, тўплар нисбати бўйича уларни доғда қолдирардик ва плей-оффда ўйнаш ҳуқуқига эга бўлар эдик.
Маҳмуд Абдураҳмон, ҳудди бундан 4 ой олдин Тошкентда бўлганидек, жарима зарбасини аниқ дарвозага йўллаб ҳисобни очди. Вакилларимиз вазиятни ўз томонларига оғдириш учун ўзларида куч топа олмадилар.
ЎЗБЕКИСТОН – ҚАТАР
Қачон: ЖЧ-2014 саралаш, 4-босқич, гуруҳ
Керакли натижа: 6:0 ҳисобидаги ғалаба
Якун: Ғалаба – 5:1 (плей-оффга чиқилган)
Бу ўйин билан параллел тарзда Жанубий Корея ва Эрон куч синашаётган эди. Агар Эрон мағлубиятга учрайдиган бўлса, бизни ҳар қандай ҳисобдаги ғалаба қониқтирарди. У ердаги дуранг терма жамоамиз учун 4 гол фарқи билан ғалаба қозонишни шарт қиларди. Агар Эрон ютадиган бўлса, футболчиларимиз энди Кореяни ортда қолдиришлари мумкин – бунинг учун эса, олти гол фарқи билан ғалаба қозониш талаб этиларди.
Биринчи таймни 0:1 ҳисобида бой бердик. Иккинчи таймда голлар шоусини намойиш қилган терма жамоамизга икки гол етмай қолди. Чунки Эрон сафарда Корея устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ЖЧ га йўлланма соҳибига айланаётган эди. Натижада плей-оффга чиққан Ўзбекистон термаси икки ўйин натижасига кўра Иорданияга ютқазди.
ЎЗБЕКИСТОН – САУДИЯ АРАБИСТОНИ
Қачон: Осиё кубоги-2015, гуруҳ босқичи, сўнгги тур
Керакли натижа: Фақат ғалаба
Якун: Ғалаба – 3:1 (чорак финалга чиқилди)
Гуруҳдаги дастлабки ўйинларда ҳар икки жамоа ҳам Хитойдан ютқазиб, Шимолий Корея устидан ғалаба қозонганди. Фақат тўплар нисбати бўйича арабларнинг устун эканликлари терма жамоамиз учун ғалабани шарт қиларди.
Сардор Рашидовнинг 2-дақиқадаёқ урган голидан кейин ҳисобда олдинга чиқдик. Аммо 60-дақиқада ҳакамлар дарвозамиз томон пенальти ўйлаб топишди. Аммо шундан кейин ҳам Ўзбекистон шаштни пасайтирмади ва 70 ва 79 дақиқаларда икки гол уриб, чорак финалга чиқди.
Демак, терма жамоамиз бундай учрашувларнинг аксариятида, аниқроғи, олтитасида ўз олдиган қўйилган вазифани уддалай олган экан. Аммо эртага Ўзбекистон олдида турган вазифа янаям мушкулроқ. Чунки эътибор берсангиз, ҳал қилувчи ўйинларда вакилларимизга рақиблик қилган терма жамоалар Жанубий Корея даражасида бўлмаган экан. Шундай бўлса-да, биз юртдошларимизга ишонишда давом этамиз ва худди Ҳиросимадагидек, Жанубий Корея довонини забт этувчи кучни футболчиларимиз ўзларида топа оладилар, деб умид қилиб қоламиз.
Қаҳрамон Асланов тайёрлади.
Мавзуга оид
18:15 / 24.10.2024
ФИФА рейтинги. Ўзбекистон сўнгги 8 йилдаги энг яхши натижасини қайд этди
16:51 / 16.10.2024
Ўзбекистоннинг ЖЧ-2026га бориш имконияти кескин ошди – We Global Football
21:06 / 15.10.2024
ЖЧ-2026 саралаши. Ўзбекистон 10 киши қолган БААни пеналтидан киритилган гол эвазига мағлуб этди
14:53 / 15.10.2024