Спорт | 22:44 / 05.09.2017
12375
2 дақиқада ўқилади

«Иккинчи бўлимда ўзбекистонлик футболчилар чарчаганини сездим». Корея мураббийи матбуот анжуманида қатнашди

Фото: KUN.UZ

ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи сўнгги – 10-туридан ўрин олган Ўзбекистон – Жанубий Корея (0:0) учрашувидан кейин Шин Тэ Йонг матбуот анжуманида иштирок этди.

“Биз ғалаба учун келгандик, аммо дуранг қайд этдик. Ушбу натижа бизни қаторасига 9-марта ЖЧга олиб чиқди. Футболчилар ўйин якунига қадар борини бериб ўйнади, ҳатто ўйиндан бир кун олдин ухлай ҳам олмади. Ўзбекистонлик мухлислар бизни муваффақият билан табриклади, уларга раҳмат айтаман.

Юқорида айтганимдек, биз ғалаба учун келгандик, аммо катта босим туфайли гол ура олмадик. Шунга қарамай, бугунги натижа бизни қониқтиради. Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари ҳам яхши ўйнади, улар Fair Play (ҳалол ўйин) қоидаларига амал қилиб ўйнади.

Терма жамоага келганимга кўп бўлмади. Биринчи ўйинимни Эронга қарши ўйнадим. Ўзингиз биласиз, Эрон Осиёнинг энг кучли жамоаси. Шунинг учун биз ҳужумкор ўйнашга ҳаракат қилдик. Бугунги ўйин ҳам қийин кечди ва якунда қониқарли натижага эга бўлдик.

Биринчи бўлимда ютқазмаслик учун ўйнагандик, чунки Ўзбекистон кучли рақиб эканини билардик. Рақиб биринчи бўлимда иккинчисига нисбатан кучсизроқ ўйнади. Иккинчи бўлимда Ўзбекистон футболчилари жисмоний жиҳатдан сустлашганини сездим”, – деди кореялик мутахассис.

Мавзуга оид