Жаҳон | 10:45 / 05.09.2017
13478
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда президентликка номзод устидан жиноий иш қўзғатилди

Фото: РИА Новости

Қирғиз республикаси миллий хавфсизлик давлат қўмитаси муваққат ҳукуматнинг собиқ аъзоси, мамлакат президентлиигига номзод Азимбек Бекназаровга нисбатан жиноий иш қўзғатди. У коррупцияда айбланаётган мухолифат етакчиси Омурбек Текебаев фойдасига ёлғон гувоҳлик берганликда айбланмоқда, деб хабар қилмоқда РИА Новости республика МХДҚ матбуот хизматига асосланган ҳолда.

Мухолифатдаги "Ата Мекен" партияси етакчиси, депутат Текебаев МХДҚ ходимлари томонидан февраль ойида Бишкек аэропортида, ЕХҲТнинг Венада бўлиб ўтган парламент ассамблеяси сессиясидан қайтганидан сўнг қўлга олинган эди. Бунга россиялик тадбиркор Леонид Маевскийнинг кўрсатмаси сабаб бўлди. Унинг таъкидлашича, Текебаев 2010 йилда Қирғизистон муваққат ҳукумати раиси ўринбосари бўлган вақтда мамлакатнинг энг йирик мобиль оператори "Альфа Телеком" ЁАЖ бошқарувига киритиш учун тадбиркордан 1 млн доллар миқдорида пора олган. 

Суднинг август ойида бўлиб ўтган мажлисида Бекназаров ва ўша вақтдаги ҳукуматнинг собиқ аъзолари Текебаев фойдасига кўрсатма беришган. Уларнинг айтишича, мухолифат етакчиси конституциявий ислоҳотлар масалаларига масъул бўлган ва хўжалик масалаларига аралашмаган. Кейинроқ, интернет тармоғида гўёки Бекназаровнинг суд вақтида ёлғон гапирганини тан олган аудиоёзувлари пайдо бўлди.

Айни вақтда, МХДҚ Бош прокуратура топшириғи билан аудиоёзувни ўрганган. 

"Шу мақсадда фоноскопик аниқлаш тадқиқоти белгиланди. У Олмаотадаги мустақил экспертлик идораси томонидан ўтказилди. Якуний хулосага кўра, аудиоёзувдаги овоз Бекназаровга тегишлидир. Бунда монтаж ёки ўзгартириш аломатлари мавжуд эмас", — дейилади хабарда. 

Шу муносабат билан жиноий иш қўзғатилиб, тергов бошланган. 

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Бекназаров Қирғизистон МСК томонидан президентликка номзод сифатида рўйхатдан ўтган эди. 15 октябрда республикада президентлик сайлови бўлиб ўтади. 

Мавзуга оид