Жамият | 10:54 / 06.09.2017
16038
2 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчилик гувоҳномасини беришдаги коррупция ҳолати фош этилди

Тошкент вилоятида ҳайдовчилик гувоҳномасини беришдаги коррупциявий ҳолат фош этилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар берган.

Вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига фуқаролар Б.А. ва А.А. ариза билан мурожаат қилиб, «Авто-мото ҳаваскорлар» МЧЖ автомактаби инструкторлари Д.К. ҳамда С.А.лар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун синов имтиҳонларидан ўтказиб бериш эвазига уларнинг ҳар биридан 130 минг сўм миқдоридаги пул маблағларини талаб қилаётганлигини билдиришган.

Мазкур ариза асосида Бекобод шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳамкорликда бир қатор тезкор-тергов тадбирлари ўтказилиб, уларнинг натижасига кўра автомактаб инструкторлари Д.К. (1983 й.т.) ва С.А. (1973 й.т.), вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси туманлараро бўлинмаси ходими Н.С. (1984 й.т.) ҳамда унинг “норасмий” ёрдамчиси Д.А. (1975 й.т.) 260 минг сўм пул маблағларини пора тариқасида олганлиги учун ушланди.

Тадбир давомида гумонланувчилар бундан олдин ҳам ЙҲХБ ходимига фуқаролардан пора олишда “кўмак” берганликларини билдириб, Д.А. ихтиёрий равишда муқаддам Н.С.га бериб қўйиш учун юқоридаги автомактаб инструкторларидан олиб, ўз автомашинасида сақлаб келаётган 1 млн. сўм пул маблағларини терговга тақдим этди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210 ва 212-моддалари (пора олиш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид