Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев таклифига биноан 5 сентябрь куни давлат ташрифи билан Бишкек шаҳрига келди.

Фото: K-news

«Манас» халқаро аэропортида расмий кутиб олиш маросими бўлди. Давлат раҳбарини Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев кутиб олди. Икки давлат байроқлари билан безатилган аэропортда олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат мадҳиялари янгради. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар. 

Ўзбекистон делегацияси

Ўзбекистон делегациясидан президентнинг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, бош вазир ўринбосари, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси Очилбой Раматов, ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев, президент Девони ишлар бошқарувчиси Зелимхон Ҳайдаров, президент Хавфсизлик хизмат бошлиғи в.б. Абдураҳим Мўминов, президент ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар Институти директори Владимир Норов, Тошкент шаҳри, Андижон вилояти, Наманган вилояти, Фарғона вилоятлари ҳокимлари, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК бош директори Улуғбек Рўзуқулов, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича Давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Тўлқин Абдуллаев, Миллий хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари қўмондони биринчи ўринбосари Носирбек Усмонбеков кабилар ўрин олган.

Бундан ташқари, делегацияга давлат идоралари, хавфсизлик хизмати ходимлари, шифокор ва ошпаз кирган.

Товар айланмаси – ярим йилда 170 млн доллар

Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи доирасида Бишкекда қирғиз-ўзбек бизнес-форуми бўлиб ўтмоқда. Қирғизистон Савдо-саноат палатаси президенти Марат Шаршекеевнинг ўз чиқишида таъкидлашича, 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида икки давлат ўртасидаги товар айланмаси тахминан 170 млн долларни