Ўзбекистон | 15:30 / 06.09.2017
47854
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка ташрифи якунланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикасига ташрифини якунлади.

Қирғизистон президенти расмий сайтида Бишкек шаҳридаги «Манас» халқаро аэропортида мамлакат президенти ва унинг рафиқасини кузатиш вақтида олинган суратлар жойлаштирилган.

Қўшни давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевни кузатиш учун чиққан.

Фотолар: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Ўзбекистон президентининг Бишкекка ташрифи 5 сентябрь куни бошланганди. Ташрифнинг биринчи кунида Шавкат Мирзиёев қўшни давлат раҳбари Алмазбек Атамбоев билан учрашув ўтказди. 

Хусусан, Бишкек шаҳридаги Ала-Арча қароргоҳида бўлиб ўтган икки мамлакат раҳбарларининг тор доирадаги учрашувида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари, мамлакатларимизнинг чегараолди ҳудудлари алоқаларини фаоллаштириш, шунингдек, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар муҳокама қилинган эди.

Икки давлат раҳбарлари аввалги мулоқотларида минтақада самарали транспорт йўлларини ривожлантириш, Қирғизистон ҳудуди орқали Хитой билан боғлайдиган қисқа масофали темир йўл барпо этиш бўйича музокаралар олиб борган эди. Бу галги учрашувларда унинг ҳуқуқий асосларини яратишни жадаллаштириш бўйича келишиб олинди.

Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Қўшма баёнот ва Ўзбекистон—Қирғизистон давлат чегараси тўғрисида шартномани имзолади.

Андижон ва Ўш, Тошкент ва Бишкек шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида, икки давлат Савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида, Солиқ қонунчилигига риоя қилиш масалалари бўйича ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида, Минтақалараро ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро, илмий-техникавий ҳамкорлик, Олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битимлар, Чегарадош минтақалар ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича 2017—2019 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар режаси, Парламентлараро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва бошқа муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Ташрифнинг иккинчи кунида эса Шавкат Мирзиёев Қирғизистон сиёсий партиялари раҳбарлари билан учрашди, ўзи учун ажратилган қароргоҳда Қирғизистон Республикаси Жогоргу Кенешининг раиси Чинибай Турсунбековни ва Қирғизистон Республикаси Бош вазири Сапар Исаковни қабул қилди.

Мавзуга оид