Norma.uz шарҳида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишда бузилаётган уйлар мулкдорлари томонидан энг кўп бериладиган саволларга жавоблар акс этди.
 
Конституциянинг 53-моддасига мувофиқ хусусий мулк дахлсиздир ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади. Уй мулкдори фақат қонунчиликда кўзда тутилган ҳолатларда ва тартибда ундан маҳрум қилиниши мумкин. Шундай ҳолатлардан бири – давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйилишида уйга мулк ҳуқуқининг тўхтатилиши. 
 
Бундай ҳолатда бузилаётган уй мулкдорларида одатда кўплаб саволлар туғилади. 
 
1-вазият. Кўчиб чиқиш учун оз вақт беришади
 
Масалан, амалиётда шундай ҳолат рўй берган: туман ҳокими юқори турувчи раҳбариятнинг муҳим ижтимоий лойиҳани тез футсатда рўёбга чиқариш борасидаги топшириғига таяниб, фуқароларга кўчиб чиқиш учун 20 кун вақт ажратган. Бунда у ўз талабини қўйишидан 6 ой олдин уйнинг бир қанча яшовчилари билан учрашув ўтказиб, уй бузилиши  эҳтимолини айтган. Шу тариқа, у олдиндан огоҳлантириш бўйича мажбурият бажарилган, деб ҳисоблаган.
 
Шу билан бирга Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомнинг 4-бандига кўра, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари бузиш бошлангунгача 6 ойдан кечикмай, имзо қўйдириб, ёзма равишда ҳар бир яшовчини хабардор қилиши шарт. Шу тариқа, ҳеч қандай оғзаки эълонлар ва суҳбатлар билдирганликни англатмайди. Агар йиғилиш баённомасига имзо чекмаган бўлса, баённома ҳам аниқ бир яшовчини хабардор қилинганлик факти ҳисобланмайди.
 
Билдиришномага Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ёки Тошкент шаҳри ҳокимларининг ер участкасининг олиб қўйилиши ва уй-жой бузилиши ҳақидаги қарорлари нусхалари илова қилиниши кераклигини билиш ниҳоятда муҳим.
 
Аслида юқори турувчи ҳокимлар (алоҳида ҳолатларда Вазирлар Маҳкамаси) қарорлари, қоидага кўра, олдиндан қабул қилинади, чунки қурилиш учун узоқ вақт мобайнида маблағлар изланади ва лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилади.