Жаҳон | 21:15 / 08.09.2017
12600
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған: Туркия Европа Иттифоқи учун жуда кучлига айланди

Фото: kremlin.ru

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Европа Иттифоқи давлатлари етакчилари Анқара кучайгани сабабли ўзларини ноқулай сеза бошлаганларини айтди. 

Эрдўғаннинг айтишича, Европанинг етакчи сиёсатчиларидан Туркия номига билдирилаётган кескин гаплар шу билан боғлиқдир.

“Бу биринчи бундай гаплар эмас. Биз уларни 15 йилдан бери эшитиб келмоқдамиз. Бироқ Туркия аввалги Туркия эмас. 2023 йилда Туркия барча соҳалар бўйича умуман бошқа вазиятда бўлади. Айнан шунинг учун уларга ноқулай бўлмоқда”, деб айтган Эрдўған Истанбулдаги чиқишида. 

У Европа давлатларида Туркиядаги конституциявий референдум олдидан ташвиқот кампаниясини олиб боришга тўсқинлик қилинганини эслатиб ўтди. 

“Ўша вақтдаёқ Европанинг бизга нисбатан позицияси маълум эди. Улар бизга ватандошларимиз билан учрашишга ижозат бермадилар. Ваҳоланки, бу уларнинг эмас, бизнинг референдумга тааллуқли бўлган ва фуқароларимизда овоз бериш ҳуқуқи бор эди. Бироқ Ғарб ўз давлатларида террорчилар етакчиларига турли кампаниялар ва анжуманлар ўтказишга рухсат беради. Уларнинг фикрида фақат Эрдўған ва Туркия. Уларда сайловлар (бундестагга 24 сентябрда) бўлади ва унда нимани исташса, шуни қилишсин”, деб қўшимча қилган Эрдўған.

Бундан аввал Эрдўған Туркиянинг Европага кириши бўйича музокараларни тўхтатиш кераклигини айтган европалик сиёсатчиларни танқид қилганди. У шунингдек Европа давлатлари етакчиларини Анқара олдида виза тартибини бекор қилиш ва қочқинларни қабул қилишда молиявий ёрдам кўрсатиш бўйича берган ваъдаларини бажармаганликда айблади.

Мавзуга оид