Спорт | 13:38 / 11.09.2017
17135
8 дақиқада ўқилади

Бечора Клопп ва бечора Чемберлейн, сентябрда қайтган Кейн, «МЮ»нинг очко йўқотиши. АПЛда тур воқеалари

Англия Премьер Лигасининг бир нечта баланд афишалари бўлган 4-тури ўз ниҳоясига етиш арафасида. Бу турда ҳам бир нечта воқеалар бўлдики, эътибордан четда қолиши мумкин эмас.

БИРИНЧИ МАРТА

Фото: Премьер лига

Ушбу турда жуда кўп воқеалар биринчи марта содир бўлганини эътироф этиш керак. Турнир пешқадами «Манчестер Юнайтед» биринчи марта ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборди ва биринчи марта очко йўқотди. «Сток Сити» ҳужумчиси Эрик Максим Шупо-Моттинг ушбу ўйинда АПЛда ўзининг илк голларини урди.

Энди чемпионатда фақат «Ҳаддерсфилд Таун» ўз дарвозасини дахлсиз сақлаб келмоқда. Аммо жамоа ҳали 4-турни ўтказгани йўқ. (Бугун кечқурун турнинг сўнгги учрашуви бўлиб ўтади: «Вест Ҳэм» – «Ҳаддерсфилд»).

АПЛ дебютанти «Брайтон энд Ҳоув» ушбу турнирдаги илк ғалабасига эришди. Мағлуб томон «Вест Бромвич» эса, мавсумдаги биринчи мағлубиятини қабул қилди.

«Ливерпуль» Клопп бошчилигида биринчи марта топ клубга сафарда бой берди.  

АПЛ тарихида биринчи марта бир клуб дастлабки 4 турда бирорта ҳам гол урмай 4 мағлубиятга учради – «Кристал Пэлас». Англия чемпионати тарихида бундай воқеа 1924 йилда кузатилганди. 

ФРАНК ДЕ БУРНИНГ КУРСИСИ ЛАРЗАГА КЕЛДИ

Фото: Sports.ru

«Кристал Пэлас» клуби таркиб жиҳатидан Англияда у қадар пастда эмас. Тоусенд, Бентеке, Панчон, ван Анҳолт, Шлупп, Кабай каби футболчиларни ўз таркибида кўришни орзу қиладиган жамоалар лигада камида 10та. Аммо нидерландиялик мутахассис бошчилигида «Кристал Пэлас» ишончли кўринмаяпти ва ҳатто юқорида тилга олинган антирекордни қайд этиб улгурди.

«Кристал Пэлас»нинг кейинги турлардаги рақиблари: «Саутҳэмптон», «Манчестер Юнайтед», «Манчестер Сити», «Челси». Бундай тақвим билан жамоа ўзини ўнглаб олиши янада қийин бўлади ва дастлабки турлардаги мағлубиятлар янада оғриб ўртага чиқади. Катта эҳтимол билан лигадаги дастлабки истеъфо айнан Франк Де Бур бўлса, ажаб эмас.  

 МАНЕСИЗ ҚОЛГАН «ЛИВЕРПУЛЬ»

Фото: The Telegraph

Филиппе Коутиньо «Ливерпуль»да қолгани аниқ бўлиб, машғулотларни бошлагач, Юрген Клопп олдида катта дилемма турганди. Кўпчилик бу ҳақида гапирди – хўш, мураббий Коутиньони асосий таркибга кимнинг ўрнига қўшади? Мавсумни жуда кучли бошлаган Мане-Салоҳ-Фирмино учлигини бузишга журъат эта оладими?

Вазиятнинг ўзи Клопп ишини осонлаштирди, «Этиҳад»да қизил карточка олган Мане камида 2-3 ўйинда майдонга туша олмайди. Демак келаётган ҳафталарда ҳеч бўлмаса, АПЛда бундай бош оғриқ бўлмайди. Аммо Манесиз ливерпулликлар бутунлай бошқача, кучсизроқ жамоага (январни эсланг) айланиб қолишини эътиборга олсак, Манчестерда жамоа фақат уч очкони йўқотмаганига амин бўламиз.  

ҲАРРИ КЕЙН ВА АВГУСТ

Фото: Премьер лига

«Тоттенҳэм» ҳужумчиси Ҳарри Кейн ўз фаолиятини бошлабдики, жамоаси сафида 100та гол урибди ҳамки, август ойида рақиб дарвозасини ишғол қила олмайди. Буни фақат спорт формаси билан боғлаш мушкул, чунки сана сентябрь ойига ўтиши билан яна голларни қалаштиришни бошлаб юборади.

Кузнинг биринчи кунидаёқ, Кейн Англия терма жамоаси сафида гол ургач, «йўқ, бу АПЛ эмас, ҳисобмас» деганлар бўлди. Лекин ҳужумчи «Тоттенҳэм» сафида ҳам сентябрдаги илк ўйинда гол урди, ҳатто икки маротаба.

ДАННИ УЭЛБЕК – «АРСЕНАЛ»НИНГ ЯНГИ ЮЛДУЗИМИ?

Фото: Squawka

Алексис Санчес, Оливье Жиру, Александр Ляказет... Тилга олинган сўнгги футболчи «Арсенал» таркибига келиб қўшилгач, ҳужум чизиғида булардан қайси бири ўйнаши ва ким захирада қолиши ҳақида мунозаралар кўп бўлганди. Аммо ҳеч ким Данни Уэлбекни эсга олмаган ўшанда.

Аммо булар ичида фақат Данни Уэлбек мунтазам равишда майдонга тушиб келмоқда ва жамоа шу пайтгача киритган 7 голнинг ярмидан кўпида иштирок этиб улгурди. «Лестер»га қарши биринчи турдаги ўйинда у жамоасининг иккинчи голини урган бўлса, 4-турдаги «Борнмут» билан учрашувда «Арсенал»нинг учала голида ҳам иштирок этди. Дубль қайд этган Уэлбек энди Венгернинг энг ишонган қуролига айланиб бормоқдами?

БЕЧОРА ОКСЛЕЙД-ЧЕМБЕРЛЕЙН

Алекснинг «Арсенал»даги сўнгги ўйини айнан «Ливерпуль»га қарши кечганди ва ўшанда «тўпчилар» йирик – 0:4 ҳисобида мағлубиятга учраганди.

Доим ғолиблар томонида бўлишни «истайдиган» Окслейд-Чемберлейн «Ливерпуль» сафидан жой олди ва бу сафар ҳам жамоаси йирик ҳисобда мағлубиятга учради – 0:5.

Балки гап футболчининг ўзидадир?

ҲАФТА МУРАББИЙИ: Марко СИЛВА (Уотфорд)

«Эвертон», «Кристал Пэлас» ёки «Вест Ҳэм»дан кутилган ишларни ҳозирча Марко Силва ва унинг жамоаси амалга оширмоқда. «Уотфорд» дастлабки 4 турда 2 ғалаба ва 2 дуранг билан турнир жадвалида 4-ўринга кўтарилиб олди. «Ливерпуль» билан жанговор дуранг, ўз майдонида жуда кучли бўлган «Саутҳэмптон» устидан ишончли ғалаба Марко Силванинг ютуғи, албатта.

Португалиялик мураббий ўтган йили «Ҳалл Сити» билан қўйи лигага тушиб кетган бўлса ҳам, унинг ишлари барчанинг эътиборини қозонганди. Силва ўшанда «Ҳалл»га келганида барчаси иложсиз ҳолга келиб бўлганди, ўшанда ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилган, жамоа «Ливерпуль», «Манчестер Юнайтед» билан ўйинларда очколар олганди.   

ҲАФТА ОМАДСИЗИ: Ренато САНШЕШ (Суонси)

Фото: Squawka

Европа чемпиони, ўша турнир қаҳрамонларидан бири, ўтган йили Европанинг энг яхши ёш футболчиларидан бири саналган ва бир неча топ клублар ўртасида талаш бўлган Ренато Саншеш энди «Суонси»да.

Бу ҳақида олдин ҳам ёзилган, лекин унинг янги жамоадаги дебюти у қадар ишончли чиқмади. Майдон марказида ҳаракат қилган Саншеш «Суонси» мағлубиятга учраётганда, ўйиннинг 69-дақиқасида алмаштириб юборилди. Бунинг устида футбочиларни статистик кўрсаткичлари бўйича баҳолаб борувчи Whoscored «Суонси» футболчилари ичида энг паст баҳони айнан Саншешга қўйди.

 

ҲАФТА ҚАҲРАМОНИ: Эрик Максим ШУПО-МОТТИНГ («Сток Сити»)

Бундеслига ишқибозларига яхши таниш бўлган камерунлик ҳужумчи турнир пешқадамига қарши ўйинда ўзини кўрсата олди. У нафақат 2 гол урди, шунингдек, жамоасининг бир қатор хавфли ҳужумларини уюштиргани билан ёдда қолди.

28 ёшли ҳужумчи биринчи голни марказий ҳимоячи ўрнида тўпни қабул қилиб, яқин масофадан киритган бўлса, иккинчи бўлимда стандарт вазиятни боши билан голга айлантириб, ҳисобни тенглаштирди. Энди «Сток Сити» мухлислари Арнаутовични эслашмаса ҳам бўлади...

 

НАТИЖАЛАР:

МАНЧЕСТЕР СИТИ – ЛИВЕРПУЛЬ – 5:0

АРСЕНАЛ – БОРНМУТ – 3:0

БРАЙТОН – ВЕСТ БРОМВИЧ – 3-1

ЭВЕРТОН – ТОТТЕНҲЭМ – 0:3

ЛЕСТЕР – ЧЕЛСИ – 1:2

САУТҲЭМПТОН – УОТФОРД – 0:2

СТОК СИТИ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – 2:2

БЁРНЛИ – КРИСТАЛ ПЭЛАС – 1:0

СУОНСИ – НЬЮКАСЛ – 0:1

 

Турнир ЖАДВАЛИ:

Мавзуга оид