Спорт | 19:53 / 23.09.2025
23464
4 дақиқада ўқилади

«Унинг ўйини ўта ишончли ва барқарор» – Гвардиола Ҳусанов ҳақида

Мураббий ўзбекистонлик футболчи ҳимоя чизиғида бир неча позицияда ўйнай олишини эътироф этди ҳамда уни Кайл Уокерга қиёслади.

Фото: Manchester City / X

«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола Англия лигаси кубоги учинчи босқичи доирасида 24 сентябр куни «Ҳаддерсфилд»га қарши кечадиган ўйин олдидан жамоанинг ўзбекистонлик ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановни мақтади ва у жамоанинг сўнгги йиллардаги энг яхши трансферларидан бири бўлишига ишонч билдирди.

«У марказда ўйнай олади, ҳимоянинг чап қанотидан бошқа исталган позицияларда ўйнай олади, деб айтган бўлардим...

Ҳа, у ҳужумда кўп вазият ярата олмаслиги мумкин, аммо унинг ўйини ўта ишончли ва барқарор. Унинг жисмоний имкониятлари, ортга қайтиш [тезлиги] худди Кайл [Уолкер]нинг энг яхши даврларини ёдга солади»,  деган «шаҳарликлар» устози.

Мутахассис Ҳусанов келажакда «Манчестер Сити» учун энг муҳим футболчига айланишига, у жамоа сафида жуда кўп вақт қолишига ишонч билдирган.

«У ғоятда эътиборли, жуда ёш, ўрганишга интилувчан. Биз дуч келган кучли, жиддий рақибларга қарши у ҳақиқатан ҳам аъло ўйин кўрсатди.

У жуда ёш бўлишига қарамай, аввалига Ўзбекистондан Францияга келиб мослашди, кейин бу ерга келгач, биз учун қийин бўлган мавсумда тезда жамоага киришиб кетди...

Агар янги жойга келганингда ҳаммаси жойида бўлса, мослашиш осон кечади. Аммо бизда ундай эмасди. Бизда бор ҳаракатлар ва услубларни у ақлбовар қилмайдиган даражада тез ўрганмоқда.

Ўйлайманки, у клуб сўнгги бир неча йиллар давомида сотиб олган энг яхши футболчи эканини тез орада тушуниб етасиз. Бу йигит ҳали узоқ вақт „Манчестер Сити“да қолади»,  дейди испаниялик мутахассис.

Эслатиб ўтамиз, асли Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби тарбияланувчиси саналган Абдуқодир Ҳусанов 2025 йил январида Франциянинг «Ланс» клубидан 40 миллион евро эвазига «Манчестер Сити» сафига қўшилганди. Ўтган мавсум давомида у жиддий рақобат туфайли асосий таркибдан жой ололмаганди. Бу мавсумда эса қаторасига тўрт ўйиндан буён бошланғич таркибда туширилмоқда ва ишончли ўйин кўрсатмоқда. Асли марказий ҳимоя чизиғи вакили бўлган футболчи ҳимоянинг ўнг қанотига ўтказилган.

«Шаҳарликлар» устози Пеп Гвардиола АПЛнинг 4-тури доирасида «МЮ»га қарши ўйиндан кейин ҳам ўзбекистонлик ҳимоячи ҳақида навбатдаги марта мақтовли фикрларини билдирганди:

«Келгуси 11 ойда биз ҳар уч кунда ўйнаймиз. Агар Ҳусанов барча ўйинларни (ўнг ҳимоячи сифатида) ўйнайди, деб ўйласангиз, бундай қилишга ҳеч қандай инсон қодир эмас. Бизга бошқа вариантлар ҳам керак. Аммо унинг жисмоний тайёргарлиги менга маълум: у жуда ёш, ўрганиши керак, жуда тезкор.

Бугун Ҳуса ўз худудини ишончли қўриқлади. Тоза ўйнаб, деярли тўп йўқотмади. Баъзида энергияси жўш уриб нотўғри қарорлар чиқаришга ундайди. Бироқ биз у билан келгандан бери бу ҳақда гаплашамиз, вақт ўтиб изига тушиб кетади. Унда ажойиб тезлик, концентрация бор. Бугун жуда яхши ўйнади».

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид