Марғилонда «Атлас байрами» фестивалининг маҳорат дарслари бошланди
«Атлас байрами» фестивали миллий ҳунармандликни ривожлантириш ва тарғиб қилиш, ҳунармандлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, туризмни ривожлантириш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда. Маҳорат дарсининг 1 кунида таниқли мутахассислар анъанавий тўқимачилик ва тадбиркорлик бўйича амалий тренинг ўтказдилар.
60 нафар иштирокчиларнинг дастлабки мавзуси қадимий миллий матоларни қайта тиклаш, уларнинг нақш ва гулларини ўрганиш, 17-18 асрда машҳур бўлган матолар тарихини ўрганишга қаратилди.
Маҳорат дарси давомида миллий маҳсулотларни кенг тарқатишда замонавий имкониятлари бўйича сўз борди. Унда мутахассислар ҳунармандларнинг маҳсулотларини интернет орқали жаҳон бозорига олиб чиқиш, ноодатий буюм яратиш орқали ўз ўрнига эга бўлиш ҳақида маълумот бердилар.
Интернетдан тўғри фойдаланиш ва Ўзбекистондаги оммабоп веб-сайтлари ҳақида маълумот бериб, семинарда аввалги асрда ахборот технологиялари ва ҳозирги замондаги ахборотлар қулайлиги ҳақида айтиб ўтилди.
Жорий йилда фестиваль дастури сезиларли равишда кенгайтирилди. Унда мамлакатнинг барча ҳудудидан иштирок этадиган ҳунармандлар ўз маҳоратини намойиш этади. Ёш ҳунармандлар учун таниқли усталар иштирокида анъанавий каштадўзлик, табиий бўяш, либослар дизайни бўйича маҳорат сабоқлари ташкил этилади.
Таниқли бангладешлик дизайнер Биби Рассел ҳам маҳорат дарсларининг тренери саналади. Марғилон шоҳбекатида дизайнерни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбек анъаналарга хос тарзда кутиб олинган Биби яна бир бор Марғилонга ташриф буюрганидан шод.
“Қадрли Марғилон шаҳрига яна бир бор ташриф буюрдим. Бу ердаги ҳунармандлар мени дўстларимга айланиб улгурган. Шаҳрингиз меҳмондўст, меҳмонни севувчи, уни ҳамиша ардоқлаши менда катта таассурот қилдирган. Бугун ташрифи чоғида бу жараёнга яна бир бор гувоҳ бўлдим. Карнай-сурнай садолари бу маскан мен учун бегона эмаслигимни англатади. Ўтган йилги фестивалда либослар тақдимотини ўтказган бўлсам бу йил ўзбекистонлик ёш дизайнерларга маҳорат дарсларини улашиш мақсадида ташриф буюрдим. Амалий машғулотлар давомида яратиладиган либослар асл Марғилонга хос бўлади. Янги сабоқларимни улашаман. Қолаверса мени сизнинг дизайнерларингиздан ҳам нималарнидир ўрганаман. Бу маҳорат дарси ўзаро тажриба алмашиш имкони”, – дейди Биби Рассел.
Маълумот ўрнида, бангладешлик дизайнер фестивалда 3-маротаба иштирок этмоқда. Ўтган йили ўзининг атлас ва адрас матоларидан яратилган либослар коллекциясини тақдим этган эди. Бу йил эса амалий машғулотлар устози сифатида қатнашмоқда.
Аҳрор Зиё, Фарғона