Ўзбекистон | 10:51 / 13.09.2017
4804
2 дақиқада ўқилади

Украиналик профессор Самарқандда маҳорат дарслари ўтиб берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги таклифига биноан юртимизда бўлиб турган украиналик таниқли мутахассис, тиббиёт фанлари доктори, профессор Виктор Степаненко Самарқанд шаҳрида бўлиб, тери-таносил касалликлари бўйича маҳорат дарслари ўтказди, деб ёзади вилоятнинг «Зарафшон» газетаси.

Вилоят ОИТСга қарши курашиш марказида ташкил этилган тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларининг тери-таносил касалликлари бўйича мутахассислари иштирок этди.

— Тошкент шаҳрида ўтказилган VII халқаро дерматовенерологлар съездида иштирок этдим, — дейди А.А.Богомольц номидаги Украина миллий тиббиёт университети дерматология ва венерология кафедраси мудири, профессор Виктор Степаненко. — Жаҳоннинг турли давлатларидан келган дерматолог ва венеролог мутахассислар ушбу касалликнинг муаммолари, уни бартараф этиш йўлларини излашди. Тери-таносил касалликларини даволаш борасида ўзаро тажриба алмашишди. Ўзбекистонлик шифокорлар тажрибаси кам эмас. Улар олиб борган илмий ишлар билан танишиб, бошқаларга ўрнак бўладиган жиҳатлардан хурсанд бўлдим.

Украиналик олим мутахассисларимизнинг турли юқумли касалликларни даволаш, профилактика қилиш борасидаги саволларига жавоб берди.

Мавзуга оид