Жамият | 09:39 / 14.09.2017
5134
2 дақиқада ўқилади

АҚШда машғулот вақтида ҳарбий машина ёниб кетиш оқибатида 15 аскар жароҳат олди

Фото: GLOBAL LOOK PRESS

АҚШнинг Калифорния штатидаги Camp Pendleton ҳарбий базасида ўқув машғулотлари вақтида гусеницали десант амфибия-машинаси ёниб кетиши оқибатида 15 нафар аскар жароҳат олди. Уларнинг барчаси шифохонага етказилган.

Бу воқеа ҳақида АҚШ денгиз пиёда қўшинларининг биринчи дивизияси Facebook’даги саҳифасида маълум қилган. Дивизия аскарларнинг аҳволи ҳақида аниқлик киритмаган.

Бу орада NBC телеканалининг дивизия вакили Пол Гейнига иқтибос келтирган ҳолда маълум қилишича, 5 нафар аскар ўта оғир аҳволда қолмоқда.

“Биз жароҳатланган аскарлар ва уларнинг оилалари ҳақида ўйламоқдамиз ва улар учун дуодамиз. Ҳозир улар тиббий ёрдам олишмоқда”, деб айтган Гейни.

Америкалик ҳарбийлар билан бундай кўнгилсизликлар охирги бир неча кун ичида тез-тез содир бўлмоқда. Аввалроқ 12 нафар америкалик ҳарбий Руминиядаги Кимпия Турзий базасида Swift Response 17-1 машғулотлари вақтида десант қилинаётганда жабрлангани маълум қилинганди. 13 сентябрда эса Польшада америкалик ҳарбийларни олиб кетаётган юк машинаси ағдарилиб кетганди. Бу воқеа оқибатида ҳеч ким жароҳат олмаган.

Мавзуга оид