Жамият | 21:30 / 19.09.2017
7122
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда имконияти чекланган шахсларга Президент совғаси топширилди

Самарқанд шаҳридаги «Ёшлик» маданият ва истироҳат боғида Самарқанд, Жомбой, Булунғур туманлари ҳамда Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи бир гуруҳ имкониятига чекланган шахсларга Президент совғаси — ногиронлик аравачалари топширилди. 

«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда сўзга чиққан Самарқанд шаҳар ҳокими Ф. Раҳимов мамлакатда халқ билан мулоқот қилиш орқали фуқаролар муаммоларини бартараф этиш, турмуш шароитини яхшилашга қаратилаётган эзгу ишлар борасида фикр юритди. Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш йўналишида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди. 

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан 26 нафар имконияти чекланган шахсга аравача ҳамда «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси Самарқанд вилоят бўлимининг дори-дармон жамланмалари топширилди.

— Ўн нафар фарзандимни камолга етказиб, уйли-жойли қилганман, — дейди Самарқанд шаҳридаги «Беруний» маҳалласида истиқомат қилувчи Матлаб Қодирова. — Юрак хуружи туфайли ногирон бўлиб қолдим. 2002 йилдан буён шу аҳволда яшайман, мустақил ҳаракатлана олмайман. Аллоҳга шукур фарзандларим, яқинларим, маҳалладошлар мени ёлғиз қолдиришмайди. Ҳар доим атрофимда парвона. Бугун Президентимиз совғасини олиб, юксак эътибордан бошим кўкка етди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, шу куни жами Самарқанд вилояти бўйича 100 дан зиёд эҳтиёжмандларга Президент номидан ногиронлик аравачалари совға қилинди.

Мавзуга оид