Жаҳон | 23:13 / 21.09.2017
11929
2 дақиқада ўқилади

Трамп Шимолий Кореяга қарши санкцияларни кенгайтирди

Фото: Joyce N. Boghosian

АҚШ президенти Дональд Трамп Жанубий Корея ва Япония етакчилари билан уч томонлама учрашув ўтказиб, унда Шимолий Корея ва унинг савдо ҳамкорларига қарши янги санкциялар киритилиши ҳақидаги фармонни имзолаганини эълон қилди. 

Трампнинг айтишича, санкциялардан мақсад Шимолий Кореянинг муҳим кемачилик ва савдо тармоқларига таъсир қилишдан иборат. Бундан ташқари, АҚШ молия вазирлиги Шимолий Корея билан бизнес олиб борувчи ва унга қарши савдо билан боғлиқ транзакцияларни енгиллаштирувчи исталган хорижий банкка қарши санкциялар киритиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

"Шимолий Корея ядро ва ракета дастурларини молиялаштириш учун дунё молия тизимини узоқ вақт суистеъмол қилиб келди", деб айтган Трамп ва қолган давлатлар қилишлари керак бўлган ишни қилмаганларини таъкидлаб ўтган. Унинг айтишича, энди хорижий банкларда аниқ танлов бўлади: ё АҚШ, ё Шимолий Корея билан ишлаш.   

Трамп шу билан бирга агар Пхеньян истаса, Шимолий Корея билан музокаралар бўлиб ўтиши мумкинлигини айтди.

"Нимага йўқ экан?", деб жавоб берган Трамп журналистларнинг тегишли саволига.

Япония бош вазири Синдзо Абэ учрашувда Трампнинг қарорини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Сентябрда БМТ Хавфсизлик кенгаши Шимолий Кореядан тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ва мамлакатга табиий газ киритиш, нефть ва нефть маҳсулотлари сотишни тақиқловчи резолюцияни қабул қилганди. Бундай чоралар Пхеньяннинг ракета синовларига жавобан амалга оширилган.

Мавзуга оид