Иқтисодиёт | 07:47 / 23.09.2017
5847
2 дақиқада ўқилади

Цукерберг Facebook’нинг 75 млн тагача акциясини сотишни режалаштираётганини маълум қилди

Фото: AP

Facebook асосчиси ва эгаси Марк Цукерберг яқин 18 ой ичида компаниясининг 35 млн тадан 75 млн тагача акциясини сотишни режалаштирмоқда. У бу ҳақда ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилган.  

Цукерберг рафиқаси Присцилла Чан билан олинган пулларни турли хайрия лойиҳаларига сарфлашмоқчи.

"Биз ишимизни тезлаштириб, ўз акцияларимизни эртароқ сотмоқчимиз. Биз яқин 18 ой ичида 35 млн тадан 75 млн тагача акциямизни таълим, фан ва ҳуқуқшунослик соҳасидаги ишимизни қўллаб-қувватлаш учун сотишимизга умид қилмоқдаман", деб айтган Цукерберг.

Унинг таъкидлашича, бошидан Facebook’нинг бош ғояси "ижтимоий миссияни бажариш" бўлган. "Биз Присцилла билан барча касалликларни даволаш ва ҳар бир ўқувчи учун таълимни персоналлаштириш каби глобал муаммоларни ҳал қилишда иштирок этиш мажбуриятига эгамиз", деб айтган Цукерберг.

Шу билан бирга Цукерберг компания устидан назоратни камида яна 20 йил давомида сақлаб қолишни истамоқда.

2015 йил декабрда Цукерберг ва Присцилла Чан ўзларининг эндигина дунёга келган қизчаларига аталган мактуб-мурожаатни чоп этишганди ва унда Facebook’даги 99 фоиз акцияларини хайрия мақсадларига ажратишга ваъда беришганди.

"Биз Facebook’даги 99 фоиз акциямизни – бу эса ҳозирги кунда 45 млрд долларни ташкил қилади – келгуси авлод учун бу дунёни яхшилашда кўплаб одамларга қўшилиш мақсадида бутун ҳаётимиз давомида берамиз", дейилганди мактубда.

Мавзуга оид