АҚШ армияси Россия билан уруш олиб бориш бўйича қўлланма чиқарди
АҚШ армияси қўмондонлиги "Россиянинг гибрид урушига" қарши жанг қилиш стратегияси бўйича қўлланма чиқарди, деб хабар бермоқда The National Interest нашри.
2016 йил декабрда чоп этилган ва яқинда интернетга жойлаштирилган "Янги авлоддаги рус уруши бўйича маълумотнома" деб аталган бу қўлланмада Россиянинг гибрид жанговар тактикаси ва АҚШ ҳарбийлари бунга қандай қаршилик кўрсата олишлари кўриб чиқилган.
Маълумотнома 68 саҳифадан иборат бўлиб, унда асимметрик уруш олиб боришда қўлланиши мумкин бўлган ва Россиянинг "Украина ва Қримдаги операцияларида" қўлланган ҳарбий техникаси ҳақида маълумотлар ва суратлар жамланган. Ҳужжатда таъкидланишича, бу операцияларда махсус операциялар олиб борувчи кичик бўлинмалар, "маҳаллий айирмачи гуруҳларни қўллаб-қувватловчи Россия қўшинларининг кичик, яхши қуролланган тузилмалари" иштирок этган.
Қўлланмада Россиянинг стратегияси Россия қўшинларининг ҳарбий ғалабасига эмас, балки "маҳаллий кучларни бирлаштириш йўли билан тузумни ўзгартиришга эришишга" асослангани ҳақидаги хулосага келинган.
Қўлланмада таъкидланишича, Россия жанг майдонини учувчили ва учувчисиз разведка тизимлари ёрдамида рақиб кучини аниқлаш, сўнгра уни авиация ёки артиллерия ёрдамида йўқ қилиш учун разведка қилишда АҚШ томондан қўлланадиган разведка усулидан фойдаланади.
Шунингдек, Россиянинг аралаш урушдаги тактик операциялари кўриб чиқилган. Бунинг мисоли сифатида, Украина шарқидаги ҳаракатлар келтирилган.
Нашрда Россия қуролли кучларининг АҚШ кучлари фойдаланиши мумкин бўлган бир неча заиф жойлари кўрсатилган. Ҳарбий экспертларнинг фикрича, бу заиф жойлар чақириқ орқали сафарбар қилинган рус аскарларида мотивация йўқлиги, бўш логистика тизими ва кучли, бироқ ноаниқ авиация ва артиллерия кўмаги ҳисобланади. Шунингдек, Россия армиясининг кучли томонлари сифатида ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари ва радиоэлектрон кураш воситалари айтиб ўтилган. Бироқ шу билан бирга Россия армиясида янги техника етишмаслиги қайд қилинган.
Бундан ташқари, йўриқномада АҚШ кучлари радиоэлектрон кураш воситалари ёрдамида GPS ва радиоалоқа частоталарига халақит бериш мумкин бўлган ҳозирги шароитларда жанг қилишни машқ қилишлари тавсия қилинган.
Мавзуга оид
16:42
Кремл Путин ва Трамп телефонда суҳбатлашганини рад қилди
14:42
Американинг круиз компанияси Трамп сиёсатидан қочишни истаганлар учун дунё бўйлаб 4 йиллик саёҳат таклиф қилмоқда
13:30 / 10.11.2024
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024