Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия Киевга ракета, Харкивга дронлар билан ҳужум қилди
Россия Қуролли кучлари 16 июлга ўтар кечаси Украинага навбатдаги қўшма ҳаво ҳужумини амалга оширди. Киев баллистик ракеталар билан нишонга олинган бўлса, Харкивга учувчисиз учиш аппаратлари орқали зарбалар берилди. Киевда камида икки киши ҳалок бўлгани, олти нафар фуқаро жароҳатлангани маълум қилинди.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотига кўра, пойтахт Киевга камида тўртта баллистик ракета учирилган. Ҳужум вақтида шаҳарнинг турли ҳудудларида кучли портлашлар содир бўлиб, бир нечта ёнғинлар келиб чиққан.
Киев шаҳри мэри Виталий Кличконинг маълум қилишича, Дарницкий туманида ракета бўлаклари нотурар жой ҳудудига тушиб, ёнғин келиб чиққан. Шунингдек, яна бир манзилда нотурар бинога тўғридан тўғри зарба берилган.
Святошинский туманида эса омборхоналар жойлашган ҳудуд нишонга олингани оқибатида йирик ёнғин юзага келган. Қутқарув хизматлари воқеа жойларида ёнғинларни бартараф этиш ва вайроналарни тозалаш ишларини олиб бормоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида икки киши ҳалок бўлган, яна олти нафар фуқаро турли даражада жароҳат олган.
Шу билан бир вақтда Россия қўшинлари Харкив шаҳрига ҳам дронлар орқали ҳужум қилди. Шаҳар мэри Игор Тереховнинг билдиришича, зарбалар Киев ва Шевченко туманларига тўғри келган.
Шевченко туманидаги парк ҳудудига дрон келиб тушиши натижасида кинотеатр биноси, автотураргоҳ ҳамда теннис кортларига зарар етган. Шунингдек, мазкур туманда гараж кооперативи ҳудуди ҳам нишонга олинган.
Тереховнинг айтишича, Немишлянский туманидаги турар жойлардан бирига ҳам зарба теккани ҳақида дастлабки маълумотлар мавжуд.
Айни пайтда Харкивдаги ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлганлар ёки жароҳатланганлар ҳақида расмий маълумот берилмаган. Ҳар икки шаҳарда ҳам қутқарув ва фавқулодда хизматлар ҳужум оқибатларини бартараф этиш ишларини давом эттирмоқда.
Мавзуга оид
22:07 / 15.07.2026
Россияда мигрантлар ҳаракатини кузатиш учун телефон сотиб олишга мажбурланиши мумкин
11:20 / 15.07.2026
АҚШ Россияга босимни кучайтириш учун янги санкциялар пакетини тайёрлади
09:40 / 15.07.2026
Украина Бошқирдистон ва Кубандаги нефт объектларини нишонга олди
09:10 / 15.07.2026