Жаҳон | 00:48 / 24.09.2017
6768
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони Яманга ёрдам учун 8 млрд доллар сарфлагани маълум қилинди

Фото: AP Photo / Hani Mohammed

Саудия Арабистони бир неча йил ичида Яманга ёрдам кўрсатиш мақсадида 8 млрд доллар сарфлади. Бу ҳақда БМТ Бош ассамблеясида Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр маълум қилди. 

"Ўтган йиллар давомида Саудия Арабистони қирол Салмон номидаги гуманитар ёрдам маркази, БМТ агентликлари ва ноҳукумат ташкилотлари орқали Яманга ёрдам учун 8 млрд доллар ажратган", деб таъкидлаб ўтди ал-Жубайр.

Унинг айтишича, Ар-Риёд Яманда вабога қарши курашга 62 млн доллар ажратган. Яманда бу касаллик сабабли 2 мингдан кўпроқ одам ҳаётдан кўз юмган.

Вазир Саудия Арабистони Ямандаги урушга аралашишга мажбур бўлганини айтди. "Ҳарбий операцияда иштирок этиш бизнинг танлов бўлмаган, ҳусийлар собиқ президент Салоҳ тарафдорлари билан ноқонуний тўнтарув амалга оширишган ва биз Яман халқини қутқариш учун вазиятга аралашишга мажбур бўлганмиз", деб қўшимча қилди ал-Жубайр.

Ал-Жубайрнинг айтишича, шу билан бирга Саудия Арабистони Ямандаги ихтилофни ҳал қилиш учун сиёсий жараён ўтказилишини ва БМТнинг бу йўлдаги барча саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. 

Мавзуга оид