Ўзбекистон | 09:42 / 25.09.2017
5185
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон делегацияси «БМТнинг цивилизациялар альянси» дўстлари гуруҳи йиғилишида иштирок этди

Фото: UN

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Нью-Йорк шаҳрида «БМТнинг цивилизациялар альянси» дўстлари гуруҳи ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг йиғилишида иштирок этди. Тадбир «Ёшларнинг энг яхши жамиятларни яратиш ва тинчликни сақлашдаги иштироки» мавзусига бағишланди.

Цивилизациялар альянси 2005 йилда таклиф этилган ва ҳозирда «Дўстлар гуруҳи» Альянс мақсадларини қўллаб-қувватлайдиган 130 давлат ва 17 халқаро ташкилотни ўз ичига олади.

Абдулазиз Камилов йиғилишдаги ўз нутқида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрьда БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқининг асосий қисмлари билан тадбир иштирокчиларини батафсил таништирди.

Хусусан таъкидланганидек, айниқса кейинги йилларда жаҳондаги террорчилик хуружининг кучайиши терроризм билан курашишда асосан куч ишлатиш усулларини қўлланиши ўзини оқламаётганлигидан далолат беради.

Шу сабабли инсонларнинг, аввало ёшларнинг ақл-идроки учун курашиш энг муҳим вазифа ҳисобланиши таъкидланди. Шу ўринда глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш бўйича Ўзбекистон Президентининг ташаббуси айтиб ўтилди.

Тадбир иштирокчиларига Ислом асл гуманитар моҳиятининг муҳим аҳамиятини кенг жаҳон ҳамжамиятига етказишга Ўзбекистон томони алоҳида эътибор қаратиши тўғрисида маълумот берилди. Исломнинг бой меросини сақлаш ва ўрганиш, муқаддас Ислом тўғрисидаги таълимотни тарқатиш мақсадида Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилаётгани ва ушбу марказнинг Тошкент шаҳрида яратилаётган Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига кўмак бериши маълум қилинди. 

Шу муносабат билан Ўзбекистон раҳбарининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» тўғрисидаги Бош Ассамблея махсус қарорини қабул қилиш ҳақидаги ташаббуси айтиб ўтилди.

Учрашувда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Мавзуга оид