Жамият | 18:03
1375
2 дақиқада ўқилади

Энергетика тизимидаги айрим раҳбарлар ишдан олинди

Республика штабининг навбатдаги йиғилишида Тошкент шаҳридаги айрим подстанцияларда кузатилган носозликлар ва улар оқибатида юзага келган авариявий узилишлар танқидий муҳокама қилинди.

Энергетика вазирлигида Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика штабининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда ёз мавсумини беталафот ўтказиш, электр энергияси истеъмоли кескин ошадиган кунларда истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш, энергетика объектларининг 24 соатлик иш режимини кучайтириш, авария бригадаларининг шайлигини ошириш ҳамда режали таъмирлаш ишларини жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Кутилаётган иссиқ кунларда республика бўйича суткалик электр энергияси истеъмоли 280 млн кВт·соат, максимал юклама эса 13–13,3 ГВтгача етиши прогноз қилиниши боис барча тизим корхоналарига электр узатиш тармоқлари ва подстанцияларнинг ишончли ишлашини таъминлаш, авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда профилактик назоратни кучайтириш юзасидан қўшимча вазифалар белгиланди.

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги айрим подстанцияларда кузатилган носозликлар ва улар оқибатида юзага келган авариявий узилишлар танқидий муҳокама қилинди. Йўл қўйилган камчиликлар учун тегишли масъулларнинг шахсий жавобгарлиги белгиланиб, айрим раҳбарлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Кутилаётган иссиқ об-ҳаво шароитида бензин, дизел ёқилғиси ва суюлтирилган газни ортиш-тушириш ишларини саноат ва ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этган ҳолда, кучайтирилган назорат асосида ташкил этиш топширилди.

Ёнғин ва портлаш хавфини камайтириш мақсадида ҳаво ҳарорати юқори бўлган вақтларда суюлтирилган газни ортиш-тушириш ишларини вақтинча тўхтатиб туриш белгиланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид