Жамият | 22:20 / 02.10.2017
76083
10 дақиқада ўқилади

Ўлим жазоси: ким қандай фикрда?

Фото: india.com

Халқ ҳокимияти, ҳуқуқий тизим ўрнатилган деярли барча давлатларда муҳим қарорлар қабул қилинишидан аввал референдумлар ўтказилади, ижтимоий фикр ўрганилади, масалага фуқароларнинг муносабати таҳлил қилинади. 

Лекин шундай саволлар борки, уларни омма эътиборига ҳавола қилиб бўлмайди. Масалан, «Маошлар оширилиши керакми?», «Солиқлар камайтирилиши лозим деб ўйлайсизми?» деган саволларни ўртага ташлашдан мантиқ йўқ. Чунки жавоб тайин, гарчи кўпчиликнинг бу борадаги фикри бир жойдан чиқсада, барибир ҳукумат имкониятларига кўра ва вазиятдан келиб чиқиб иш кўради. 

Ана шундай, ижтимоий фикр ўрганилганда сўралмайдиган саволлардан, референдумда кун тартибига қўйилмайдиган масалалардан бири бу «Ўлим жазосини ёқлайсизми, ёки оғир жиноят қилганлар олий жазо сифатида қатл этиш қўлланилиши тарафдоримисиз?» — деган саволни қўйишдир. Чунки мутлақ аксарият одамлар мудҳиш жиноят қилганлар ўлим жазосига ҳукм қилинишини ёқлаб чиқишлари аниқ. 

Шундай бўлса-да, кўплаб давлатларда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам олий жазо сифатида ўлим жазоси бутун умрлик ёки катта муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган. Умуман олганда, ўлим жазоси инсоният абадий тортишиб ўтадиган, аниқ тўхтамга келиш қийин бўлган баҳслардан биридир.

Ўлим жазоси — қонун томонидан йўл қўйиладиган олий жазо тури бўлиб, оғир жиноятлари учун инсоннинг қатл этилиши. Ўлим жазоси ижро этилаётган вақтда давлат томонидан белгиланган вакиллар иштирок этиши ва айнан улар қатлни амалга оширишлари шарт, акс ҳолда бу жараён қотиллик дея баҳоланади. 

Ҳозирда дунёнинг 130дан ортиқ давлатида ўлим жазоси қўлланилмайди. Лекин инсоният борки, бу жазо тури ҳам мавжуд. Бутун дунё ҳуқуқшунослари баравар бу жазога қарши чиққанларида ҳам унинг йўқолиб кетишига ишониш қийин. Йилдан-йилга камайиб бораётган бўлса-да, ҳали-ҳануз кўпчилик давлатларда ўлим жазоси мунтазам қўлланилиб келинади. Бу давлатлар қаторида ўзининг ҳуқуқий тизими билан барчага ўрнак бўлишга ҳаракат қиладиган АҚШ ҳам бор. Европада эса аксинча, деярли барча давлатлар бу жазо туридан воз кечишган. Лекин тарих нуқтаи назаридан бу жазони энг кўп қўллаган ва такомиллаштириб, ўзига хос санъат даражасига олиб чиққанлар ҳам айнан кўҳна қитъа давлатларидир. 

Камдан-кам тарихий фильмлар ўлим жазоси саҳнасисиз кечади. Албатта кўргансиз, баланд саҳн кўринишида тикланган қурилма (эшафот), унга ўрнатилган дор, бир четда турган кунда, ниқоб кийган жаллод ва қўли боғланиб чўккалаб турган маҳкум. Пастда эса сон-саноқсиз оломон.... 

Бу анчайин инсонпарвар саҳна кўриниши. Фильм ижодкорлари ҳам томошабинда нохуш ҳислар қолдирмаслик учун кўпроқ шу кўринишдан фойдаланадилар. Лекин у даврларда ўлим жазосининг усуллари шу қадар кўп бўлганки, уларнинг номини эшитибоқ кишининг эти жунжикади. Маҳкумлар дорга осилган, ўтда ёқилган, парчалаб ташланган, бошлари олинган, паст оловда қайнатилган, тошбўрон қилинган, тириклай кўмилган, йиртқич ҳайвонларга ем қилинган, қозиққа ўтқазилган… Булар ҳам ҳаммаси эмас, маҳкумнинг айбига кўра янаям шафқатсиз усуллар ўйлаб топилган, ёки унинг жони узилгунга қадар бир неча усуллар қўлланилган.  

У даврларнинг ўзига хослиги шундаки, бизнинг наздимизда оғир жиноятлар дея баҳоланадиган қотиллик, давлатга хиёнат қилиш каби қилмишлар учунгина эмас, аксил диний қарашлар, ғалаён қилиш, ўғирлик, турмуш ўртоғига хиёнат, ҳарбий хизматдан қочиш, шоҳни ёки тузумни ёмонлаш, фоҳишалик ва ҳатто арзимаган ҳазиллар учун ҳам ўлимга маҳкум қилиниб, ҳукм ҳам дарҳол ижро этилган. Маҳкум шаҳарларнинг марказларида, бозорларда, умуман одамлар гавжум жойларда қатл қилинган ва жазо ҳар доим ҳам минг-минглаб одамлар кўз ўнгида амалга оширилган. Қатл жараёни оммавий йиғинларга, халқ тантанасига айланиб кетган. Телевизор, газеталар каби оммавий ахборот воситалари йўқ даврларда бу оломон учун ўзига хос томоша вазифасини ўташ билан бирга бошқаларга ўрнак бўладиган жуда кучли тарғибот вазифасини ҳам бажарган. 

Замонамизда бу жазо қуйидаги кўринишларда мавжуд:Бекор қилинган; оддий суд амалиётида бекор қилинган, лекин махсус суд амалиётларида (масалан уруш ҳолатида) қўлланилиши мумкин; Қонун томонидан бекор қилинмаган бўлсада қўлланилмайди; Олий жазо сифатида ўлим жазоси қўлланилади. Ҳозирда ўлим жазоси белгиланганидан сўнг ҳам ҳукм ижро қилингунга қадар ҳам кўп йиллар ўтиб кетади ва кўпинча маҳкумлар табиий ўлимдан вафот этишади. Ўша вақт мобайнида маҳкумга апелляция бериш имконияти берилади ва суд жараёни бир неча марта қайталаниши мумкин. Масалан, АҚШнинг Жоржия штатида яшовчи Жек Олдермен хотинини ўлдиргани учун 1975 йилнинг 14 июнида ўлим жазосига ҳукм қилинган, лекин орадан 33 йил ўтибгина, 2008 йилнинг 16 сентябрида қатл этилган.

Бу жазо воситалари асрлар оша такомиллаштириб келинган. Ҳозирда ривожланган ва бу жазо бекор қилинмаган давлатларда кўпроқ тўппончадан отиш, газ камераси, электр стуллар, ўлим инъекцияси қўлланилади. Аксарият давлатларда бу жазо қамоқхоналарда ва махсус белгиланган жойларда ижро этилса Эрон, Саудия Арабистони каби давлатларда ҳозир ҳам бу жазо кўпинча омма олдида амалга оширилади. Маҳкумлар дорга осилади, халойиқ томонидан тошбўрон қилинади. Саудия Арабистонида кўпинча жаллод маҳкумни чўккалатиб қўйиб, қатл олдидан қилич билан ўлим рақсини ижро этади. Эронда бу жазога айниқса эътибор берилади. Халқ яхши томоша қилиши учун дорлар автокранларга баланд қилиб ясалади ва ҳатто тошбўронда маҳкумнинг жони тез узилмаслиги учун оломонга ўртача катталикдаги тошлар отиш тавсия қилинади. Ироқ ва Афғонистоннинг айрим ҳудудларида осиш усули кўп қўлланилади. Ўз даврида бу давлатларнинг раҳбарлари бўлган Саддам Ҳусайн, Нажибулло каби арбоблар ҳам дорга осилган. 

Кўпчилик давлатлар амалиётида давлат раҳбарлари (президент, подшоҳ ё қирол, бош вазир) томонидан ўлимга маҳкум этилган инсон афв этилиши мумкин. 

Сўнгги маълумотларига кўра қуйидаги давлатларда ўлим жазоси энг кўп қўлланилган: 1. Хитой; 2. Эрон; 3. Саудия Арабистони; 4. АҚШ; 5. Покистон.

Ўлим жазоси Англияда 1969 йилдан, Францияда 1981 йилдан, Ғарбий Германияда 1949 йилдан, ГДРда 1987 йилдан, Испанияда 1975 йилдан, Россияда 1996 йилдан буён қўлланилмайди. Португалия 1867 йилда, Европада биринчи бўлиб ўлим жазосини бекор қилган. Кўҳна қитъада бу жазони ҳали-ҳануз қўллаб келаётган охирги давлат Беларусдир.

АҚШда ўлим жазоси ўзига хос тарихга эга. Ҳатто XX асрга қадар ҳам кўпчилик ҳудудларда шерифлар жиноятчи деб ҳисоблаган одамларини якка ўзлари ўлимга маҳкум қилиб шу ондаёқ жазони ижро этаверганлар. Ҳозирда ҳам турли штатлар қонунларига кўра 5 хил усул - осиш, отув, электр стули, газ камераси, ўлим инъекцияси қўлланилиши мумкин. Қатл олдидан маҳкумга охирги тамадди имконияти берилади ва у хоҳлаган таомлар тақдим этилади. Шунингдек, сўнгги сўзлар ҳам тингланади. Ижрони адвокат, руҳоний билан бирга маҳкумнинг ва у ўлдирган кишиларнинг қариндош уруғлари кузатиб туришлари мумкин. Беъманиликдай туюлар, лекин қатл этилувчи албатта соғлом бўлиши шарт. Бетоб бўлса, шифохонада даволанади ва соғайганидан кейингина ҳукм ижро қилинади.

2009 АҚШда турли усуллар билан 106 киши қатл этилган. Бу ўлим жазоси қайта қўлланила бошланган 1976 йилдан буён энг паст кўрсаткичдир. 1994 йилда энг кўп — 328 марта жазо ижро этилган. Ўлим жазоси ҳозирги кунга қадар Япония, Сингапур, Малайзия, Шимолий Корея каби давлатларда ҳам қўлланилади. 

Хитойда ўлим жазоси нафақат қотиллик, балки иқтисодий жиноятлар учун ҳам қўлланилади ва отув усулида амалга оширилади. Кўпинча маҳкумлар янги йил олдидан йирик майдонларда, омма олдида қатл этилади. Ҳукм ижро этилганидан сўнг маҳкумнинг қариндошларидан ўқ учун 9 юан ундириб олинади. Агар қариндошлар пулни тўлашдан ёки маҳкумдан воз кечса, қатл этилувчи ўқ пулини тўлаши ёки шунга яраша ишлаб бериши лозим. 

Мақоламиз бошида ўлим жазоси қўлланилиши якуни йўқ баҳслардан бири дедик. Ўлим жазоси тарафдорлари мудҳиш жиноятга қўл урганлар бу дунёда яшашга ҳаққи йўқ, деб ҳисоблайдилар. Россияда бир аёл фарзандининг қотили бутун умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинганида: «Мен бир солиқ тўловчи сифатида ўз фарзандимнинг қотилини бутун умр боқиб ўтаманми?», дея эътироз билдирган. Бу жазога қаршилар инсон бошқа бир инсоннинг ҳаётига нуқта қўйишга ҳаққи йўқ, акс ҳолда бизнинг ўша қотиллардан фарқимиз қолмайди, деган фикрни илгари суришади. Шунингдек, қатл жазо эмас, қасосдир, қасос эса фақат ҳақдандур дея бонг уришади. Яна хато туфайли ноҳақдан ҳукм қилинганларда ҳеч қандай имконият қолмаслигини ҳам бу жазо ўринсизлигига сабаб сифатида кўрсатишади.

Факт: Одамхўр Чикатило қўлга олингунга қадар тўққиз нафар бегуноҳ инсон унинг жиноятларида айбланиб, суд ҳукми билан отиб ташланган…

Аброр Зоҳидов.

Азиз муштарий! Ўлим жазоси тўғрисида сизнинг фикрингиз қандай? Бу ҳақда изоҳ қолдиринг!

Мавзуга оид