Light | 23:32 / 08.10.2017
112412
6 дақиқада ўқилади

XX асрда дунё харитасидан ғойиб бўлган 9 мамлакат

XX асрда икки жаҳон уруши ва кўплаб маҳаллий низолар дунё харитасини умрбод ўзгартирди. Уруш йилларида ўнлаб мамлакатлар пайдо бўлди ва ғойиб бўлди. Шуниси диққатга сазаворки, XX аср бошига келиб, сайёрамизда атиги бир неча ўн мустақил давлат бўлган. Аср охирига бориб эса, уларнинг сони 200га яқинлашди. Шунга қарамай, янги ҳосил бўлган мамлакатларнинг баъзилари бугунги кунгача етиб кела олмади ва тарих тегирмонига ғарқ бўлди. Don'tPanic у ёки бу сабабларга кўра, XX асрда йўқолган энг машҳур 9 мамлакат ҳақидаги маълумоти билан бўлишди.

Нейтрал Мореснет

Фото: dnpmag.com

Мавжудлик даври: 1816-1920 йиллар

Напалеон томонидан яратилган империя қулагандан кейин Европа ўз чегараларини қайта кўриб чиқишига тўғри келди. Ҳозирги Германия ва Бельгия ўртасида жойлашган 3,5 квадрат километр майдонга эга бу кичик ер участкаси чегараларни қайта белгилаш жараёнида ҳеч кимга насиб этмади. Ҳосил бўлган нейтрал ҳудуд Нидерландия ва Пруссия томонидан биргаликда бошқарилди.

Аҳолиси фуқаролиги бўлмаган шахслардан иборат бўлган, бироқ ўз байроғи ва гербига эга давлат 1920 йилгача ҳукм сурди. Ўшанда Биринчи жаҳон урушидан кейин Версаль шартномасига кўра, Мореснет Бельгия таркибига ўтди.

Сало Республикаси

Фото: dnpmag.com

Мавжудлик даври: 1943-1945 йиллар

Сало Республикаси шунингдек, Италия социалистик республикаси номи билан ҳам танилган. Сало Муссолини томонидан бошқарилувчи Италиядаги митти давлат бўлган. Сохта мамлакатни фақат Германия, Япония ва нацистлар блокидаги бошқа мамлакатларгина тан олган. Унда назоратни сақлаб қолиш учун немис қўшинларининг қўллаб-қувватлаши керак бўлган. Республика ҳукумати Италиянинг бутун бир шимолий қисми ва Рим уларга тегишли эканини таъкидлаган, лекин у Гарда кўли бўйида жойлашган кичик Сало шаҳридан бошқарилган. Италия социалистик республикаси 1945 йилда, мамлакатдан сўнгги фашист босқинчилари иттифоқчи кучлар томонидан қувғин қилинганидан кейин йўқ бўлиб кетган.

Бирлашган Араб Республикаси

Фото: dnpmag.com

Мавжудлик даври: 1958-1971 йиллар

Бу Миср ва Сурия ўртасидаги, Исроилга нисбатан умумий нафратга таянган қисқа муддатли сиёсий иттифоқ бўлган. Сурия 3 йилдан кейин республика таркибидан чиққан, чунки иттифоқдоши билан баъзи зиддиятларни бартараф эта олмаган. Миср то 1971 йилга қадар БАР дея номланишда давом этган.

Сикким

Фото: dnpmag.com

Мавжудлик даври: 1642-1975 йиллар

Сикким 1642 йилдан Намгьял сулоласи бошқаруви остидаги кичик мустақил қироллик бўлган. 1975 йилда Сикким Ҳиндистон томонидан «ютиб юборилган» ва 22-штат сифатида унинг таркибига кирган. Сиккимнинг мустақиллик даврида Хитой томон борувчи Буюк ипак йўли ўша ердан ўтган.

Цейлон

Фото: dnpmag.com

Мавжудлик даври: 1505-1972 йиллар

Жанубий Осиёда жойлашган бу мамлакат ҳозирда Шри-Ланка Демократик-Социалистик Республикаси сифатида маълум. Цейлон бой халқаро муносабатлари билан мақтанса арзигулик тарихга эга бўлган, у VII асрдан арабларнинг, кейин эса европаликларнинг савдо маркази бўлган. Цейлонни дастлаб португаллар, кейин эса нидерландлар ва ниҳоят, британияликлар навбатма-навбат бошқаришган. 1948 йилда Цейлон тўлиқ мустақилликни қўлга киритган. 1972 йилда Цейлон ўз номини Шри-Ланкага алмаштирган.

Чехословакия

Фото: dnpmag.com

Мавжудлик даври: 1918-1993 йиллар

Чехословакия Австрия-Венгрия империяси қолдиқларидан ташкил топган ва 1938 йилга қадар тинч ҳаёт кечирган, сўнг у ерни вермахт ишғол қилган. 1945 йилда совет жангчилари мамлакатни озод қилишган ва бу мамлакатни бошқариш учун СССРга содиқ сиёсатчиларни тайинлашган. Совет Иттифоқи тарқалиб кетгач, Чехословакия социалистик республикалар иттифоқини тарк этди. 1992 йилда маданиятда жиддий тафовутларга эга чех ва словаклар икки алоҳида давлатга ажралишга қарор қилишди.

Шарқий Германия

Фото: dnpmag.com

Мавжудлик даври: 1949-1990 йиллар

Берлин шаҳрини иккига ажратган девор Иккинчи жаҳон урушидан кейин қурилган. Ўшанда АҚШ, Буюк Британия ва Франция бошқаруви остидаги Германия Федератив Республикаси юзага келишига жавобан Совет Иттифоқи Германия Демократик Республикасига асос солди. 1990 йилда девор қулатилган ва иккига ажралиб қолган халқ яна бирлашган.

Югославия

Название

Мавжудлик даври: 1918-1992 йиллар

Югославия худди Чехословакия каби Австрия-Венгрия империяси қолдиқларига асосланиб, турли мамлакатлар, асосан Венгрия ва Сербиянинг муайян қисмларини бирлаштириш йўли орқали ҳосил бўлган. Умуман олганда, Югославия турли маданият ва анъаналарга эга 20дан зиёд этник гуруҳ «қайнаётган катта қозон» бўлган. Югославия қироллиги Улуғ Ватан уруши вақтида Германия томонидан ишғол қилинган. У тугатилгандан кейин партизан отрядлар етакчиси Иосип Тито социалистик Югославияни тузган ва унинг диктаторига айланган. 1992 йилда социалистик Югославия Хорватия, Босния, Словения, Сербия, Македония ва Черногорияга ажратилган.

Тибет

Название

Мавжудлик даври: 1912-1951 йиллар

Тибетнинг бир неча минг йиллик тарихида 1912 йил - алоҳида аҳамиятга эга. Айнан ўша йили Далай-Лама XIII Тибетнинг Хитойдан ажралиб чиққани ҳақида эълон қилиб, мустақил Тибет давлатига асос солган. 1951 йилда Хитой қўшини Тибетга бостириб кириб, у ерни ишғол қилган. 1959 йилда хитойлик мустамлакачиларга қарши исён қайталаган, аммо у тезда бостирилган. Тибетликлар ҳануз мустақилликка чорлашади. Жаҳон саҳнидаги сиёсатчилар, илм-фан ва санъатнинг машҳур намоёндалари орасида уларнинг тарафдорлари анчагина.

Мавзуга оид